Президентнинг БААга ташрифи: Туркистон ва Жамбил вилоятларида шамол электр станциялари қурилади

ASTANA. Кazinform – Давлат раҳбари Маsdar компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Ал-Рамахи билан учрашди, дея хабар беради Кazinform Ақорда расмий сайтига таяниб.
None

Учрашувда энергетика соҳасидаги қўшма лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Қозоғистон 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш, шунингдек, 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 4 фоиздан 15 фоизга ошириш ниятида эканини айтди.

Бундан ташқари, Президент Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлиги, КIDF жамғармаси ва Маsdar компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум тўлиқ амалга оширилишига ишонч билдирди. Мазкур ҳужжатга кўра, Туркистон ва Жамбил вилоятларида 1 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Ўз навбатида Муҳаммад Ал-Рамахи Қасим-Жомарт Тоқаевга учрашув учун миннатдорлик билдириб, мамлакат яшил энергетикани ривожлантириш соҳасида катта салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у ўз компанияси ушбу йўналишда йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, якшанба куни Давлат раҳбари расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борган эди.

Кеча Қозоғистон Республикаси Президенти «Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитининг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Бугун Қасим-Жомарт Тоқаев БАА Президенти саройида кутиб олинди.

Қасим-Жомарт Тоқаев БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан музокара ўтказди.

Қозоғистон Республикаси Президентининг БААга расмий ташрифи доирасида 9 та ҳужжат имзоланди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва БАА Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён қўшма баёнот эълон қилди.

Фото: аkorda.kz


Сўнгги хабарлар