Ўзбекистонда ҳар йили ёшларнинг энг яхши 100 та лойиҳаси брендга айлантирилади

TASHKENT. Kazinform — Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан мулоқотида таъкидланди, деб хабар беради UzA.

ёшлар
Фото: UzA

Гарвард, Стенфорд, Лондон иқтисодиёт мактаби каби нуфузли олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр.

Ёшлар ишлари агентлигига ушбу хорижий олийгоҳлар билан камида 40 минг нафар ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш топширилди.

Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.

Ҳар йили “Ёш тадбиркорлар” танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брендга айлантириш учун “Ёшлар венчурс” жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

Банклар биттадан консалтинг компания ташкил қилиб, жорий йилда 50 минг ёш тадбиркорга бизнес режа тайёрлашига кўмаклашиб, уларнинг харажатини қоплаб беради. Йирик савдо тармоқлари вакиллари ва малакали мутахассислар жалб қилиниб, камида 20 минг ёш тадбиркорликка ўқитилади.

Шу билан бирга, 1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматларининг харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан қоплаб берилади.

Эслатиб ўтамиз, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда жами 28 954 нафар Ўзбекистон фуқаролари ўқиш мақсадида чет элга сафар қилган.

Сўнгги хабарлар