Никол Пашинян Қозоғистон Президентига ҳамдардлик телеграммаси йўллади
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга Қарағанди вилоятидаги Костенко конида юз берган авария муносабати билан ҳамдардлик телеграммаси йўллади, деб хабар беради Kazinform агентлиги Аrmenpressга таяниб.
“Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелули, мен Қарағанди вилоятидаги Костенко конида кончиларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган авария ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим. Мен арман халқи ва шахсан ўз номимдан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдираман. Уларга сабр тилайман”, – дейилади телеграммада.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни соат 02:33 да “АрcелорМиттал Темиртау” компаниясига қарашли Қарағанди вилоятидаги Костенко конида портлаш содир бўлган эди. Воқеа содир бўлган пайтда конда 252 киши бўлган, 205 кончи эвакуация қилинган. Айни пайтда 33 кишининг ўлими маълум. 13 киши ҳали топилмади, 20 киши касалхонага ётқизилган.
Эндиликда “АрcелорМиттал Темиртау” АЖга қарашли 8 та коннинг иши тўхтатилди.
Кечқурун ўтказган брифингда ҚР Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов 13 нафар кончини тирик топишга умид жуда камлигини айтди.
Ҳалок бўлган кончиларнинг шахсини аниқлаш ҳам қийин бўлмоқда.
Президент Қ.Тоқаев 29 октябрни умумхалқ мотам куни деб эълон қилиш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
29 октябр умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга “АрcелорМиттал Темиртау” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берди. Кейинроқ Ҳукумат матбуот хизмати “АрcелорМиттал Темиртау” АЖнинг эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси мулкига қайтариш бўйича шартнома якунланиши ҳақида маълум қилди.
Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Қирғизистон, Франция президентлари ҳамда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бахтсиз ҳодиса муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қарағанди вилоятидаги фожиали воқеа муносабати билан ҳамдардлик билдирган барча хорижий давлатлар раҳбарлари ва Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди.