Қозоғистон Президенти хорижий давлатлар раҳбарлари ва Қозоғистон халқига миннатдорчилик билдирди

Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қарағанди вилоятидаги фожиали воқеа муносабати билан ҳамдардлик билдирган барча хорижий давлатлар раҳбарлари ва Қозоғистон халқига миннатдорлик билдирди, деб хабар беради Kazinform.

Миннатдорлик
Фото: Kazinform

“Ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган давлат раҳбарлари, жамоат арбоблари ҳамда фуқароларимизга самимий миннатдорлик билдираман”, — деб ёзди Давлат раҳбари Х саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган тунда Қарағанди вилоятидаги Костенко номидаги шахтада ёнғин содир бўлган эди. Соат 17:33 да олинган маълумотларга кўра, 33 нафар кончининг жасади топилган, 13 киши бедарак йўқолганлар қаторида.

Кечаси бўлиб ўтган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов кончиларни тирик топишга умид жуда камлигини айтди.

Профессионал ҳарбийлаштирилган фавқулодда қутқарув хизматлари республика марказий штабининг Қарағанди бўлими директори ўринбосари Жумат Ўкеновнинг айтишича, ҳалок бўлган кончиларнинг шахсини аниқлаш қийин.

29 октябр умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга “АрcелорМиттал Темиртау” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берди. Кейинроқ Ҳукумат матбуот хизмати “АрcелорМиттал Темиртау” АЖнинг эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси мулкига қайтариш бўйича шартнома якунланиши ҳақида маълум қилди.

Сўнгги хабарлар