Ўзбекистон Президенти Костенко конида юз берган фавқулодда ҳолат муносабати билан Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Қарағанди вилоятидаги Костенко конида юз берган фожиа муносабати билан Қозоғистон Президентига ҳамдардлик билдирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Ўзбекистон Президенти Костенко конида юз берган фавқулодда ҳолат муносабати билан Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди
Фото: gazeta.uz

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқотда ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

“Биз шахтада қолган кончилар тезроқ қутқарилишига умид билдирдик ва ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрмиз”, – дейилади хабарда.

Икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни соат 02:33 да “АрcелорМиттал Темиртау” компаниясига қарашли Қарағанди вилоятидаги Костенко конида портлаш содир бўлган эди. Воқеа содир бўлган пайтда конда 252 киши бўлган, 205 кончи эвакуация қилинган. Айни пайтда 33 кишининг ўлими маълум. 13 киши ҳали топилмади, 20 киши касалхонага ётқизилган.

Бош прокуратура Костенко конида юз берган воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатди. Тахминларга кўра газ метан портлаши содир бўлган. Ҳодиса жойида қутқарувчилар ишламоқда. Бош штаб ташкил этилди.

Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов воқеа жойида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штабига раҳбарлик қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганларга маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун токсиколог, ортопед-травматолог ва нейрохирургдан иборат юқори малакали шифокорлар гуруҳини Қарағандига юборди.

Авария сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссиясига Бош вазир Алихан Смаилов раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, Ҳукумат “АрcелорМиттал Темиртау” АЖ акциядорлари билан дастлабки келишувга эришгани ва корхонага эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси фойдасига ўтказиш бўйича битимни якунлаётгани маълум бўлди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўзи воқеа жойида.

Президент кончиларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари, шунингдек, “АрcелорМитталТемиртау” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берди.

Эндиликда “АрcелорМиттал Темиртау” АЖга қарашли 8 та коннинг иши тўхтатилди.

Қарағанди вилояти ҳокимининг ўринбосари Вадим Борисович Басин “АрcелорМиттал Темиртау” кўмир бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Костенко конида юз берган фавқулодда ҳолат муносабати билан 29 октябрь Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди.

Россия, Беларусь, Қирғизистон, Франция президентлари, шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазирлиги Қарағанди вилоятидаги кўмир конида юз берган фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Сўнгги хабарлар