Қасим-Жомарт Тоқаев “Костенко» конига борди
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев авария ҳолатларини ўрганиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Қарағанди вилоятидаги фожиа содир бўлган жойга борди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Қарағанди вилоятидаги “Костенко” номидаги конда юз берган ёнғинда ҳалок бўлган кончилар сони 21 нафарга етди, 23 нафар кончи ҳануз ер остида қолмоқда.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлган кончиларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.
Президент Ҳукуматга кончилар оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатишни буюрди. Воқеа ҳолатларини аниқлаш учун Ҳукумат комиссияси тузилди. Шунингдек, “АрcелорМиттал Темиртау” компанияси билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш ҳақида буйруқ берилди.
Шахтадаги ёнғин юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “Тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш” билан судгача тергов ҳаракатлари бошланди.
Профессор Х.Ж. Мақажанов номидаги шифохоналарга 18 киши етказилган. Бир киши реанимацияда.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Бош вазир Алихан Смаилов раислигида ёнғин сабабларини ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.
Унинг таркибида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр, Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов, Ички ишлар вазири Ержан Саденов, Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Ғиният, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Светлана Жақипова, Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев, ҳуқуқ-тартибот идоралари, Қарағанди вилояти ҳокимлиги, меҳнат инспекцияси, “Қорғау” кўмир ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ва бошқалар бор.
Шунингдек, Ҳукумат “АрcелорМиттал Темиртау” АЖ акциядорлари билан дастлабки келишувга эришилгани ва корхонага эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси фойдасига ўтказиш бўйича шартнома якунланаётганини маълум қилди.