Қозоғистонда 29 октябрь – Умумхалқ мотам куни

Қозоғистон Республикасида 29 октябрь Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақордага таяниб.

Қозоғистонда 29 октябрь – Умумхалқ мотам куни
Фото: очиқ манбадан олинган

“Қараганди вилоятидаги И.А Костенко номидаги конда юз берган авария натижасида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Республикасида 2023 йил 29 октябрда Умумхалқ мотам эълон қилинсин”, – дейилади Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Фармонида.

Қасим-Жомарт Тоқаев Костенко конидаги фожиали ҳодиса натижасида ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари ва яқинлари билан учрашувда 29 октябрь Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни соат 02:33 да “АрcелорМиттал Темиртау” компаниясига қарашли Қарағанди вилоятидаги Костенко конида портлаш содир бўлган эди. Воқеа содир бўлган пайтда конда 252 киши бўлган, 205 кончи эвакуация қилинган. Айни пайтда 33 кишининг ўлими маълум. 13 киши ҳали топилмади, 20 киши касалхонага ётқизилган.

Бош прокуратура Костенко конида юз берган воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатди. Тахминларга кўра газ метан портлаши содир бўлган. Ҳодиса жойида қутқарувчилар ишламоқда. Бош штаб ташкил этилди.

Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипханов воқеа жойида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш штабига раҳбарлик қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланганларга маслаҳат ёрдами кўрсатиш учун токсиколог, ортопед-травматолог ва нейрохирургдан иборат юқори малакали шифокорлар гуруҳини Қарағандига юборди.

Авария сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссиясига Бош вазир Алихан Смаилов раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, Ҳукумат “АрcелорМиттал Темиртау” АЖ акциядорлари билан дастлабки келишувга эришгани ва корхонага эгалик ҳуқуқини Қозоғистон Республикаси фойдасига ўтказиш бўйича битимни якунлаётгани маълум бўлди.

Воқеа жойига Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам борди. Президент ҳалок бўлган кончиларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Давлат раҳбари номидан уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади.

Давлат раҳбари, шунингдек, “АрcелорМиттал Темиртау” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берди.

Эндиликда “АрcелорМиттал Темиртау” АЖга қарашли 8 та коннинг иши тўхтатилди.

Қарағанди вилояти ҳокимининг ўринбосари Вадим Борисович Басин “АрcелорМиттал Темиртау” кўмир бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.

Костенко конида юз берган фавқулодда ҳолат муносабати билан 29 октябрь Умумхалқ мотам куни деб эълон қилинди.

Россия, Беларусь, Қирғизистон, Франция президентлари, шунингдек, Туркия ташқи ишлар вазирлиги Қарағанди вилоятидаги кўмир конида юз берган фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Сўнгги хабарлар