Қозоғистонда 2026 йилда Сув ресурслари миллий ахборот тизими ишга туширилади
ASTANА. Кazinform — Ахборот тизимини жорий этиш натижасида ер усти ва ер ости сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш учун ягона рақамли платформа яратилади, деб хабар беради ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги.

Давлат раҳбарининг Қозоғистон халқига Мурожаатномасида қўйилган вазифани бажариш мақсадида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги томонидан Сув ресурслари миллий ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда.
Тизим ер усти ва ер ости сувлари, гидротехник иншоотлар ва бошқа сув хўжалиги объектлари тўғрисидаги маълумотларни тўплайди. Келажакда сунъий интеллект ва космик мониторинг маълумотларидан фойдаланиш режалаштирилган. Бу мамлакатнинг сув балансини, халқ хўжалиги ва фуқароларнинг сувга реал эҳтиёжларини аниқлаш, сув ресурсларидан фойдаланишни таҳлил қилиш ва назорат қилиш имконини беради.
Ахборот тизимини жорий этиш натижасида ер усти ва ер ости сув ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш учун ягона рақамли платформа яратилади. Бу давлат тизимлари билан интеграциялашув орқали маълумотлар такрорланишига барҳам беради, сувдан фойдаланишда шаффофлик ва самарадорликни оширади, шунингдек, сув танқислиги ва фавқулодда вазиятларга қарши самарали курашиш имконини беради. Платформа Евроосиё тараққиёт банки грант маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа 2026 йил охиригача ишга туширилиши режалаштирилган.
Айни пайтда вазирликнинг Сув хўжалиги ахборот-таҳлил марказида ҳавза инспекциялари ва «Қазсушар» ходимлари учун тизим билан ишлаш бўйича ўқув семинарлари ўтказилмоқда. Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов вазирликка бўйсунувчи ташкилотлар раҳбарларига “Сув ресурслари миллий ахборот тизими”га киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва долзарблигини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқ берди.
— Кўп ишлар аллақачон амалга оширилган. Тизимни 2026 йилда ишга туширишимиз керак. Ҳар бир фуқаро ушбу тизимдан сув ресурслари ҳолати ҳақида керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлиши лозим. Бунинг учун ҳар куни тизимли ишлар олиб борилиши зарур. «Қазсушар» ва ҳавза инспекциялари мутахассислари томонидан киритилган маълумотлар аниқ бўлиши керак. Бу масалага ўта масъулият билан ёндашиш даркор, – деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сув ресурслари вазирлиги ташкил этилганидан буён 1 минг 800 дан ортиқ сув мутахассиси доимий иш билан таъминлангани ҳақида хабар берган эдик.