Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга туширадилар

ТASHKENT. Кazinform – 14-15 ноябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борадиган Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб боради ва бир қатор лойиҳаларни ҳам ишга туширади, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Тоқаев ва Мирзиёев
Фото: Ақорда

Ташриф дастурига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари раислигида Тошкентда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари, президентлар савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, сув ресурслари ва маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳаларни муҳокама қиладилар.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати таъкидлаганидек, учрашув давомида Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев глобал сиёсат ва минтақадаги муҳим масалалар бўйича фикр алмашадилар.

Бундан ташқари, президентлар иштирокида Халқаро саноат кооперацияси маркази ва бир қатор қўшма лойиҳалар ишга туширилади. Ташриф давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланади.

16 ноябрь куни Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади. Минтақа мамлакатлари президентлари билан бир қаторда, Озарбайжон давлат раҳбари Илҳом Алиев ҳам ушбу тадбирга фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Россияга давлат ташрифи билан борган эди. Унда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.

Сўнгги хабарлар