Қозоғистон-Ўзбекистон: минтақавий сув муаммолари дўстона ечим топмоқда

TASHKENT. Kazinform — ЎР Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбит Атамқулов билан учрашув ўтказди, деб хабар беради UzA.

учрашув
Фото: UzA

Унда томонлар ҳамкорлигига эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, Қозоғистон ва Ўзбекистон яқин қўшни ҳамда ўзаро алоқалар умумий дўстлик ва яхши қўшничилик тамойиллари асосида қурилган.

Бугунги кунда давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилди.

exhfied
Фото: UzA

Учрашувда Қозоғистон элчиси бугунги кунда дунёда сув ресурслари иқтисодиётга, энергетикага, экологияга, аҳоли фаровонлигига таъсир қилувчи муҳим омилга айланганини, том маънода, сув ҳаёт манбаи эканини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг сув бўйича юритаётган сиёсатини кузатиб боришини, 2028 йилга қадар 3,5 миллион гектар ер майдонида замонавий тежамкор суғориш тизимларини ўрнатиш, ушбу технологиялар орқали йиллик сув тежаш ҳажмини 5 миллиард метр кубга етказиш, 2026 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 2,6 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш, давлат томонидан 800 миллиард сўм субсидия йўналтириш каби амалий ташаббуслари нафақат мамлакат, балки бутун минтақа фаровонлиги учун хизмат қилишини айтиб ўтди.

Қайд этилганидек, 2025 йил 15 ноябрда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари трансчегаравий сув объектларидан биргаликда фойдаланиш ва уларни бошқариш тўғрисидаги Битимни имзолаган. Ушбу Битимни амалга ошириш учун зарур ички давлат тартиб-таомиллари мамлакатимиз томонидан якунланди. Шу мақсадда 2026 йил 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Битим икки давлат ўртасида сув ресурсларидан самарали ва барқарор фойдаланишни таъминлашга қаратилган амалий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилайди. У трансчегаравий сув объектларини бошқаришда тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳавий идоралар ўртасидаги ўзаро муносабатларни такомиллаштириш ва икки давлатнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини кўзда тутади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев қайд этганидек, Қозоғистон билан дўстона муносабатлар ўзбек томони учун қадрлидир.

Шунингдек, учрашув якунида 2026 йил 30 март куни Астана шаҳрида ўтказиладиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси йиғилиши, 22-24 апрель кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит, унинг доирасида ташкил этиладиган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари Кенгаши йиғилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси бир ой ичида 400 миллион доллардан ошди.

Сўнгги хабарлар