Қозоғистон сув омборларининг бўш сиғими 14,3 миллиард кубометрни ташкил этади
ASTANА. Кazinform – Баҳорги тошқин мавсумига тайёргарлик доирасида Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги мамлакатнинг шимолий, марказий, ғарбий ва шарқий ҳудудларидаги сув омборларида бўш сиғимни таъминлаш бўйича ишларни амалга оширмоқда.
Жанубий ҳудудлардаги сув омборлари сув йиғиш режимига ўтди.
Ҳозирда мамлакат шимолидаги йирик сув омборлари ўртача 70 фоизга, марказий ҳудудларда 68 фоизга тўлдирилган. Ғарбий ҳудудларда бу кўрсаткич 48 фоизни, шарқий ҳудудларда эса 86 фоизни ташкил этади. Республикадаги йирик сув омборларининг умумий бўш сиғими 14,3 миллиард кубометрдан ошади. Кутилаётган сув ҳажми 9,1–13,9 миллиард кубометр деб баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, чегарадош давлатлар билан қўшма ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2025 йилда сув тошқини даврида Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қилиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Шу ой бошида ушбу гуруҳнинг тўртинчи йиғилишига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Урал дарёси ҳавзасидаги сув ҳажмининг батафсил прогнози март ойининг бошида тақдим этилади. Россия томонидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, тошқин даврида Ирикла сув омборидан секундига 200 кубометрдан ортиқ бўлмаган сув чиқариш режалаштирилган.
Хитой Халқ Республикаси билан биргаликда трансчегаравий сув сифатини мониторинг қилиш ва тезкор ахборот алмашиш тизими фаолият юритмоқда. Ушбу тизим гидрологик станцияларда ўқув машғулотларини ўтказиш ва алоқа каналларининг ишлашини текширишни ўз ичига олади.
Гидротехника иншоотларини текшириш амалга оширилди. Фойдаланувчи ташкилотларга тошқин сувларининг хавфсиз ўтиши бўйича тавсиялар берилди. Шунга кўра, 39 та гидротехника иншоотида таъмирлаш ишлари олиб борилди. Хусусан, Абай вилоятидаги «Шар» сув омборида, Чимкентдаги «Ақжар» сув омборида ва Ақтўбе вилоятидаги «Шолақ» тўғонида катта таъмирлаш ишлари якунланди. Қостанай вилоятининг Степное қишлоғидаги тўғон ҳам қайта қурилди.
Гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашнинг асосий талабларидан бири кўп факторли текширувларни ўтказишдир. 2025 йилда бундай текширувлар 56 та объектда ўтказилди.
Давлат раҳбарининг кўрсатмаларига мувофиқ, мамлакатнинг 10 та ҳудудида шаҳар гидротехника иншоотларини ишлатиш ва бошқариш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотлар ташкил этилди. Ҳозирда уларнинг сони 16 тага етди. Ушбу муассасаларда 1193 киши ишлайди ва 846 та объектга хизмат кўрсатилмоқда.
Дарё каналларини тошқин мавсумига тайёрлаш доирасида 2025–2027 йилларга мўлжалланган аҳоли пунктлари яқинидаги дарё участкаларини тиклаш бўйича Йўл харитаси ишлаб чиқилди. Бугунги кунга қадар 166,98 километр дарё каналлари тозаланди ва чуқурлаштирилди. Улардан 15 км Абай вилоятида, 126,6 км Атирау вилоятида, 17,8 км Ақмола вилоятида, 4,4 км Қарағанди вилоятида, 2,1 км Қостанай вилоятида ва 1,08 км Шимолий Қозоғистон вилоятида. Бу йил 6 та ҳудудда умумий узунлиги 192,55 км бўлган участкаларда тиклаш ишлари режалаштирилган.
"Баҳорги тошқинларга тайёргарлик ишлари фаол олиб борилмоқда. Махсус ускуналар ва инерт материаллар тайёрланди, чегарадош давлатлар билан маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Сув омборларининг оптимал иш режими ҳар 10 кунда ҳисоблаб чиқилади. Кўрилган чоралар сув хўжалиги иншоотларининг тошқин сувларини қабул қилиш ва хавфсиз узатишга тайёрлигини таъминлайди. Вазирлик сув хўжалиги ҳолатини ҳар куни кузатиб боради. Ҳокимликлар билан биргаликда тошқин хавфини камайтириш ва аҳоли ва инфратузилма хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишлар давом этмоқда", — деди Сув ресурслари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари Нурлан Алдамжаров.
Эслатиб ўтамиз, ХХ асрда Қазалида қурилган сув минораси ҳали ҳам ишламоқда.