15:46, 20 Октябрь 2022 | GMT +5
Жетису вилоятида замонавий чанғи ва биатлон мажмуаси пайдо бўлади
TALDYQORǴAN. Kazinform – Қозоғистон Ҳукуматига Жетису вилоятида замонавий чанғи ва биатлон мажмуаси қурилишини таъминлаш топширилди. Бу янги чемпионларни тайёрлаш базасига айланади ва минтақанинг туристик жозибадорлигини оширади. Бу ҳақда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Жетису вилояти жамоатчилиги билан учрашувда айтиб ўтди, дея хабар беради Kazinform «БОРТ №1» Telegram каналига таяниб.
Президентнинг таъкидлашича, Жетису ҳар доим мамлакатнинг спорт марказларидан бири бўлган. Бу ерда кучли велоспорт мактаби шаклланган.
«Яқинда Австралияда велоспорт бўйича шоссе бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида спортчимиз Евгений Федоров олтин медални қўлга киритди. Ёш чемпион афсонавий Андрей Кивилев номидаги маҳаллий олимпия захиралари мактаби битирувчиси. Фурсатдан фойдаланиб, Евгений Федоровни ёрқин ғалабаси билан табриклайман!»
, - деди Президент.
Унинг сўзларига кўра, ана шундай юксак ютуқлар ёшларни спорт билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юксак марраларни забт этишга ундамоқда.
«Халқ бизнинг асосий бойлигимиздир. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ўзгаришларни амалга оширишда биз фуқароларимизнинг бунёдкорлик ғайратига таянамиз. Бинобарин, миллат салоҳиятини изчил юксалтириш ҳамиша давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлиб қолади»
, – деди Давлат раҳбари.