Ўзбекистонда «Лазги» халқаро рақс фестивали бошланди

Хива шаҳридаги «Фаровон» меҳмонхонасида «Лазги» халқаро рақс фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Таъкидлашича, фестивалда дунёнинг 30 та давлатидан 175 нафардан зиёд рақс санъати усталари, профессионал рақс жамоалари, санъатшунос олимлар, маданият соҳасининг таниқли намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрган.
Фестиваль доирасида ўтказиладиган танловда 18 давлатдан 160 иштирокчи қатнашади. Танловни олтита турли давлатдан 6 нафар тажрибали, профессионал ҳакам баҳолаб боради.
Айни дамда илмий-амалий конференцияда иштирок этиш учун 11 давлатдан 13 нафар санъатшунос олимлар Хива шаҳрига етиб келган.
«Лазги» халқаро рақс фестивалининг очилиш маросимига бағишланган тантана «Ичан қалъа»нинг кўҳна Арк майдонида бўлиб ўтди.
Унда фестиваль қатнашчиларидан ташқари, давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, хорижий сайёҳлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тарихий майдон узра турли давлатлар байроқлари ҳилпиради.
Хоразмда илк ўтказилаётган «Лазги» халқаро рақс фесивали иштирокчиларига ЎР Президентининг табриги ўқиб эшиттирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 25-30 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.