Япониядан Қозоғистонга келган сайёҳлар сони 9 мингдан ошди
ASTANА. Кazinform – Қозоғистон ва Япония ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Ўтган йили мамлакатга 9200 дан ортиқ япониялик сайёҳ ташриф буюрди, бу 2023 йилга нисбатан 38 фоизга кўп. Сайёҳлар сонининг ўсиши Қозоғистон туризм саноати учун янги имкониятлар очмоқда.
Токио ва Осака шаҳарларида Қозоғистон туроператорлари Япониянинг энг йирик туризм бозори вакиллари билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Skyway, Kompass ва MLtour компаниялари Air Astana миллий авиаташувчиси билан биргаликда Япониянинг HIS, JATA, JTB, Otomo Travel, Tairiku Travel, All Seasons Travel каби етакчи компанияларига Қозоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тақдим этди.
Музокаралар давомида япониялик ҳамкорларга янги туристик маҳсулотлар ва йўналишлар тақдим этилди.
Қозоғистон делегацияси Осакадаги ЭКСПО-2025 кўргазмаси доирасидаги бизнес дастурида ҳам иштирок этди. «Kazakh Tourism» миллий компанияси QazExpoCongress кўмагида Япония компаниялари ва Қозоғистон туроператорлари ўртасида В2В учрашувларини ташкил қилди. Тадбир давомида Air Astana, «Karavansaray Turkistan» кўп функцияли туристик мажмуаси, «Open Turkistan» туристик ахборот маркази ўз лойиҳаларини тақдим этди.
– Япония аудиториясининг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бормоқда ва биз ушбу мамлакат компаниялари билан ҳамкорликни фаол ривожлантириш ниятидамиз. Бу Қозоғистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир. Kazakh Tourism икки мамлакат сайёҳлик бизнеси ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйишга ҳисса қўшади, деди “ Kazakh Tourism” МК» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Даниел Сержанули.
Ўтказилган учрашувлар Япония томонидан Қозоғистонга қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу борада қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилиши икки давлат ўртасидаги сайёҳлик оқимини янада ошириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Биринчи "Марказий Осиё – Япония" саммити бўлиб ўтади.