Вазир: Қозоғистонда олий таълим формати ўзгаради
«Ҳозирги кунда мамлакатимиз илм-фанининг асосий муаммоси шундаки, бизнинг илмий изланишларимиз, юздан ортиқ илмий-тадқиқот марказларимиз, илмий институтларимиз технопарк ва илмий тадқиқотлар, саноат, ишлаб чиқариш, реал компаниялар талаблари, университетлар негизида ишлаб чиқариш жараёнлари билан бирлаштирилмаган. Яъни фан мустақил, ишлаб чиқариш мустақил, иқтисодиёт мустақил. Бинобарин, илм-фан соҳасидаги асосий мақсадимиз шу икки оламни бирлаштиришдир. Биз фанга бўлган ишончни тиклашимиз керак. Олимларни янги қаҳрамонлар мақомига қайтаришимиз керак», - деди Саясат Нурбек.
Шу билан бирга, фан вазири олий ўқув юртларини илмий-амалий тадқиқот марказларига айлантириш зарурлигини таъкидлади.
«Оддий одам мактабда 11 йил ўқийди, бу педагогик модел. Университетга келганингизда эса педагогик эмас, тадқиқот модели билан ишлашимиз керак. Яъни, изланиш, тадқиқ қилиш, танқидий фикрлашга, ахборот билан ишлашга ва меҳнат бозорига тайёрланишга ўргатишимиз керак. Бизда эса 70-80 фоиз университетда - бир хил маъруза, бир хил дарс, доскада тақдимот қилиш, уй вазифаларини текшириш билан шуғулланилаяпти. Шунинг учун бу модел ўзгариши керак. Келгуси йилдан бошлаб энг кучли университетлар негизида махсус марказлар очамиз. Бирданига 120 та университетни кўчириш қийин бўлади. Лекин биз тажриба тариқасида ҳар бир вилоятда 2-3 тадан билим марказидан бошлаб, тадқиқот моделига ўтказишни бошлаймиз. Яъни, таълим мазмуни, методикаси, модели ўзгариб, эндиликда университетлар амалий фанлар моделига ўтади. Келгуси йилдан бошлаб олтита ҳудудий олий ўқув юрти негизида технопарклар очамиз, яъни ўша университетларда таълим олган профессор-ўқитувчилар, магистрантлар, докторантлар, бакалаврлар нафақат кундалик билим олишлари, балки илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам шуғулланишлари керак. Технопарк ва патентлар орқали бу тадқиқотлар амалий тадқиқотларга айлантирилиб, маҳаллий тадбиркорлик ва маҳаллий ишлаб чиқариш марказлари муаммоларини ҳал қилишга йўналтирилиши керак», — дея тушунтирди Саясат Нурбек.