Ўзбекистонда январь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 % га ошган

TASHKENT. Kazinform — Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,7 % га ошган.

нарх-наво
Фото: Миллий статистика қўмитаси

Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,2 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил январь — 109,9 %) нисбатан 2,7 фоиз бандга пасайди.

Январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,8 % га, ноозиқ-овқат товарлари 0,4 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,8 % га қимматлашгани кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан булғор қалампири (18,5 %), банан (6,3 %), қовоқ (4,2 %), лимон (4,9 %), узум (3,4 %), олма (2,1 %), картошка (1,9 %), сабзи (1,8 %), қўй гўшти (1,6 %) ва мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) (1,0 %), товуқ тухуми (0,5 %), парранда гўшти (1,5 %) ва биринчи навли буғдой уни (0,5 %) нархларининг ошиши инфляцияга асосий таъсир кўрсатди.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида помидор (-2,1 %) ва барча навдаги гуруч, гуруч оқшоғи (-1,8 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан пропан (8,9 %), қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари (7,0 %) ҳамда АИ-92 маркали бензин (0,6 %) нархларида ўсиш кузатилди.

Шунингдек, xизматлар нархи ва тарифларида шахсий транспорт воситаларини суғурталаш (281,8 %), мобил алоқа хизматлари (2,4 %), эркаклар ва ўғил болалар учун сартарошхоналар хизматлари (0,9 %) ва таксида йўл ҳақи (0,6 %) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Маълумот учун истеъмол нархлари индекси 2026 йил январдан бошлаб янгиланган услубиёт асосида амалга оширилди.

Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 1,2 млнга яқин нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳар 1 000 кишига қарийб 32 та тадбиркор тўғри келади.

Сўнгги хабарлар