Ўзбекистонда машҳур брендларнинг аутлет марказлари очилади
TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистонда жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларининг аутлет марказлари ташкил этилади. Бу – туризмни ривожлантириш бўйича президент қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, аутлет марказлари миллий архитектура услубида бўлади ва шаҳарлар четларида (атрофларида) жойлашади.
Аутлетлар биринчи босқичда (2030 йилгача) Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида, иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) туристик салоҳияти юқори бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилиши кўзда тутилган.
Бу топшириқ ижроси учун Инвестициялар вазирлиги, Туризм қўмитаси ва маҳаллий ҳокимликлар масъул.
Маълумот учун, аутлетлар – бу кийим-кечак брендларининг чегирмали нархдаги дўконлари бўлиб, уларда одатда ўтган мавсумдан қолган ёки яхши сотилмаган товарлар бўлади. Шунингдек, айрим брендлар айнан аутлетларда сотиш учун бюджет вариантдаги товарларни ҳам ишлаб чиқаради, бу товарлар бренднинг юқори сегментдаги бошқа маҳсулотларидан сифат борасида фарқ қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз,Ўзбекистонда 390,3 мингта кичик корхона ва микрофирмалар фаолият юритмоқда.