Ўзбекистонда қанча қозоқлар яшайди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик минтақавий сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан биридир. Президентнинг худди шу сўзларини Қозоғистон-Ўзбекистон зиёлилари форумида ҚР Сенати раиси Маулен Ашимбаев ҳам айтиб ўтди.

Ўзбекистон
Фото: pixabay

— Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик минтақавий сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан бири эканини бир неча бор таъкидлаган. Қардош халқлар ўртасидаги дўстликни шакллантирувчи ва мустаҳкамловчи инсоний ришталар жуда муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда Қозоғистонда 600 мингдан ортиқ ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг ўз она тилини ўрганиши, маданиятини ривожлантириш, анъаналарини асраб-авайлаши учун давлат томонидан барча шарт-шароит яратилган. Ўзбек тилидаги мактаблар, театрлар, адабий уюшмалар, оммавий ахборот воситалари муваффақиятли фаолият юритмоқда, — деди Маулен Ашимбаев Астанадаги Қозоғистон-Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи форумида.

Маърузачининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 800 мингдан ортиқ қозоқлар яшайди.

— Ўзбекистонда республика қозоқ маданият маркази фаолият кўрсатмоқда, қозоқ тилини ўргатиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш дастури амалга оширилмоқда. Маданий алмашинув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда ёшлар алоҳида ўрин тутади. Эндиликда икки давлат ёшлари нафақат форумларда, балки ҳар куни ижтимоий тармоқларда, онлайн лойиҳаларда, қўшма ижодий ва стартап ташаббуслари орқали мулоқот қилмоқда. Улар спортчиларимизни биргаликда олқишлайдилар, бир-бирларининг ғалабаларидан чин дилдан қувонадилар. Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиққанида, минглаб қозоқлар ўзбек биродарларини табриклаб, қўллаб-қувватлашди. Бу чинакам ўзаро ёрдам, бирдамликнинг ёрқин далилидир. Шу боис қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, ижодий ва IТ-лойиҳаларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар йили Қозоғистон ва Ўзбекистон ёшлари конгресси бўлиб ўтади, бундан бир неча кун олдин (14-15 август) Тошкентда навбатдаги конгресс ташкил этилди, — дейди Сенат раиси.

Астана шаҳрида Қозоғистон-Ўзбекистон зиёлиларининг биринчи форуми бўлиб ўтди. Биринчи форумда Қозоғистон Респукбликаси Сенати раиси Маулен Ашимбаев ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги қозоқ-ўзбек илмий ва ижодий зиёлилари вакиллари иштирок этди.

Аввалроқ Сенат раиси Маулен Ашимбаев Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилганини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоевани қабул қилган эди.

Сўнгги хабарлар