Ўзбекистонда 31 декабрдан 4 январгача дам олиш кунлари бўлади

TASHKENT. Kazinform — «2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги президент фармони имзоланди, деб хабар беради UzA.

Мирзиёев
Фото: President.uz

Фармонга кўра, 2025 йилда барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) 31 декабр дам олиш куни сифатида белгиланди.

Шунингдек, 2026 йилдаги дам олиш кунлари:

- барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар): 2 январ – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба;

- олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январ – шанба, 30 май – шанба, 31 декабр – пайшанба.

Шу билан бирга, Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ, ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилди.

Ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги белгиланди.

Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабр – шанба кунидан 31 декабр – пайшанба кунига кўчирилди.

Фармонда қайд қилинишича, байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:

- Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этади;

- Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилади.

- “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, қозоғистонликлар Янги йил байрамида неча кун дам олиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар