Туркистон вилоятидаги электр станцияси қурилишига 2000 ишчи жалб қилинади
TÚRKİSTAN. Кazinform – Туркистон вилоятида қуввати 1000 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси қурилиши давом этмоқда. Вилоят ҳокими Дархан Сатибалди “Самруқ-Қазна” акциядорлик жамияти Директорлар кенгаши аъзоси Қайрат Мақсутов билан учрашиб, ушбу муҳим ижронинг боришини муҳокама қилди.

Вилоят раҳбари ушбу лойиҳа ҳокимлик томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини айтди. У “Самруқ-Қазна” АЖ билан биргаликда бошқа лойиҳаларни ҳам муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

“Энергетика хавфсизлиги - муҳим масала. Вилоятимизда қурилиши бошланган буғ-газ заводидан умидлар катта. Биз лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишидан манфаатдормиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз”, - деди Дархан Сатибалди.
“Самруқ-Қазна” АЖ Директорлар кенгаши аъзоси Қайрат Мақсутов буғ-газ электр станцияси қурилишининг бугунги ҳолати тўғрисида маъруза қилди.

“Қурилиш жараёнини кузатдим. Иш давом этмоқда. Ҳозир у ерда 300 киши, 2025 йилда эса 2000 дан ортиқ ишчи қурилишга жалб этилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа жанубий минтақадаги энергия тақчиллигини бартараф этиш билан бирга, ҳудудни саноатлаштиришга ҳам янги суръат бағишламоқда. Мамлакатда тенги йўқ муҳим лойиҳа. Ўйлайманки, биргаликда ишлаб, режа бўйича буғ-газ қурилмасини топширамиз”, - деди Қайрат Мақсутов.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг 2021 йилдаги Қозоғистон халқига Мурожаатномасини амалга ошириш бўйича миллий чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Туркистон вилоятида қуввати 1000 МВт гача бўлган буғ-газ қурилмасини қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 722,7 млрд.тенге. Мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида Сайрам туманида 60 гектар ер майдони белгиланди. 2025 йилда дастлабки 185 МВт электр энергияси, 2026 йил охирида эса тўлиқ 1000 МВт электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Янги лойиҳанинг қурилиши 2024 йилда бошланиб, 2026 йилда якунланиши режалаштирилган. Қурилиш жараёнида 2000 дан ортиқ киши вақтинча, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач эса 200 дан ортиқ киши доимий иш билан таъминланади.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев