Туркистон шаҳрининг дизайн-коди тасдиқланди
TÚRKІSTAN. Кazinform - Расмий ҳужжат эълон қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун ўтгач кучга киради.

“Туркистон шаҳрининг алоҳида мақоми тўғрисида”ги ҚР Қонуни 8-моддаси 2) бандига мувофиқ Туркистон шаҳар маслиҳати қарор қабул қилди. Мазкур қарорнинг иловасига мувофиқ Туркистон шаҳрининг дизайн-коди тасдиқланди.
- Дизайн-код шаҳар майдони элементларининг мажбурий визуал таркибий қисмларини тартибга солувчи талаблар тўпламидир: бинолар ва иншоотларнинг фасадлари, ободонлаштириш, белгилар, кўрсаткичлар, кичик меъморий объектлар ва шаҳар инфратузилмаси элементлари ягона эстетик меъморий, шинам, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратишга қаратилган, - дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, дизайн-кодда меъморий-ландшафт муҳитини шакллантиришга қўйиладиган талаблар, кўчалар, автомобиль йўллари, сайёҳлик йўналишлари, шаҳарнинг бошқа ҳудудлари ташқи кўринишини безаш ва ободонлаштириш элементларини жойлаштириш концепцияси, шунингдек, бино ва иншоотларнинг фасадини безашга қўйиладиган талаблар киритилганлиги қайд этилган.
Тарихий марказ чегараларида, шунингдек, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш зоналарида барча шаҳарсозлик объектлари ва уларнинг хусусиятлари, маданий-тарихий қадрияти сақланиши шарт.
– Дизайн-код Туркистон шаҳри ҳудудида архитектура, шаҳарсозлик ва қурилиш фаолиятини амалга оширишда барча мулк шаклидаги давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиб, қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини ташкил этиш, ҳудудий режалаштиришнинг асосий моделлари ва режалаштириш тузилмасига қўйиладиган талабларни шакллантиришга қаратилган, – дейилади маслиҳат қарорида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркистон вилоятида аҳолининг 74 фоизи қишлоқларда яшаши ҳақида ёзган эдик.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев