Транспорт ва логистика масалалари геосиёсатнинг ажралмас қисмига айланди - Президент
ASTANA. Kazinform – Транспорт ва логистика соҳаси салоҳиятини ошириш мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга вазифадир. Бу ҳақда «Turkistan» газетасига берган суҳбатида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев айтиб ўтди.
“Мамлакатимиз учун транспорт ва логистика соҳасининг салоҳиятини ошириш стратегик аҳамиятга эга вазифадир. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаса-да, Қозоғистон Евроосиё қитъасининг марказида, яъни асосий транзит йўллари кесишмасида жойлашган. Бу - катта афзаллик ва биз ундан мамлакат манфаатлари йўлида фойдалана олишимиз керак. Мақсад ва манфаатларимизга мувофиқ, Қозоғистонни Евроосиёнинг транспорт маркази сифатида шакллантириш бу соҳадаги ишларнинг асосий йўналиши ҳисобланади”, — деди Президент.
Шу муносабат билан Давлат раҳбари яқинда ишга туширилган янги «Достық – Мойынты» темир йўл линиясининг аҳамиятини таъкидлади.
“Ушбу лойиҳа бизга мазкур йўналиш орқали Хитой ва Европа ўртасида ташиладиган юк ҳажмини беш баравар ошириш имконини беради. «Мойынты – Қызылжар», «Бақты – Аягөз», «Дарбаза – Мақтаарал» темир йўл линияларини янгидан ишга туширишни режалаштирганмиз. Умуман олганда, 2030 йилга келиб 5 минг километр темир йўл қуриш ва модернизация қилиш, 11 минг километр темир йўлни таъмирлаш режалаштирилган, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, пойтахт ва ғарбий минтақалар орасидаги масофани 500 километрдан ортиққа қисқартирадиган "Марказ-Ғарб" темир йўлининг қурилиши катта стратегик аҳамиятга эга.
“Биз мамлакат чегараларидан ташқаридаги ҳудудларни қамраб олувчи кенг кўламли транспорт тизимини яратишга муваффақ бўлдик. Қозоғистон океан йўлларидан ташқарида жойлашган бўлса-да, Сариқ денгиз ва Қора денгиз ўртасида юк терминаллари тармоғини шакллантирди. Мамлакатимиз ҳудудидан 12 та халқаро транспорт йўлаги, хусусан, 5 та темир йўл ва 7 та автомобил йўлаги ўтади. Хитой ва Европа ўртасида қуруқлик орқали ташиладиган юкларнинг қарийб 85 фоизи ушбу йўналишлар бўйлаб ташилади. Албатта, буларнинг барчаси муваффақиятга эришиш осон бўлади дегани эмас. Бу соҳада рақобат кучайиб боряпти. Чунки транспорт ва логистика масаласи геосиёсатнинг ажралмас қисмига айланди. Бу мавзу юқори даражадаги музокаралар кун тартибига қатъий кирди. Шунинг учун бу Қозоғистон учун алоҳида аҳамиятга эга”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент мамлакатимиз Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" мегалойиҳасини, "Шимол-Жануб" йўлагини ва Транскаспий транспорт йўлагини, яъни "Ўрта йўлак"ни ривожлантиришда фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
“Россия-Қозоғистон-Туркманистон-Эрон" йўналиши денгиз портларига юк ташиш учун катта истиқболларга эга деб ҳисоблаймиз. "Ўрта йўлак" ишида Хитойнинг иштирок этишини олқишлаймиз. Умуман олганда, ушбу соҳанинг салоҳияти жуда юқори. Бу ерда фақат инфратузилма ҳақида гапирмаяпмиз. Иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари ушбу фундаментал соҳада кесишади. Шунинг учун ҳукуматга замонавий муҳандислик ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасига эга транспорт ва логистика марказларини қуриш, денгиз портлари, аэропортлар ва темир йўл вокзалларини модернизация қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, самарали рақамли экотизимни шакллантириш вазифаси юклатилди”, - деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бугун «Turkistan» газетасида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг нашр бош муҳаррири, таниқли шоир ва публицист Бауржан Бабажанул билан катта суҳбати чоп этилди.