Тошкент-Орал йўналишида янги рейс очилади
ORAL. Kazinform – Орал шаҳрининг халқаро аэропорти орқали еттита йўналишда авиарейслар амалга оширилади.
Ғарбий Қозоғистон вилояти йўловчилар транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Нариман Темирғалиев минтақавий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилганидек, улардан тўрттаси республика (Астана, Алмати, Қарағанди, Ақтау) йўналишларида ва учтаси халқаро (Франкфурт, Фукуок, Шарм-аш-Шайх) йўналишларида парвоз қилади.
Нариман Алибековичнинг сўзларига кўра, 2026 йил март ойида янги Тошкент-Орал рейси ишга туширилади.
“Чипталар савдоси 2 декабрдан бошланди. Рейслар «Centrum» авиакомпанияси томонидан ҳафтасига икки марта амалга оширилади”, - деди Н. Темирғалиев.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда вилоятдаги автобуслар йўловчиларни 4 та халқаро (Самара, Оренбург, Тольятти, Саратов) ва 1 та ҳудудлараро (Атирау) йўналишларида ташийди. Бундан ташқари, 27 та туманлараро йўналишга 21 та ташувчи хизмат кўрсатади. Барча 12 та туман маркази автобус йўналишлари билан қамраб олинган.
“Туманларда такси нархлари ошиши сабабли, автобусларда йўловчилар сони ортиб бормоқда ва янги йўналишлар очиш бўйича ҳокимликлардан таклифлар тушмоқда. Ҳар йили 2-3 маротаба йўловчилар ва юкларни автомобиль орқали республика ичида доимий ташиш йўналишларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи учун танловлар ўтказилади. 2024 йилни 22 та йўналиш билан якунлаган бўлсак, бу йил уларнинг сони 27 тага етди”, - дея қўшимча қилди Н. Темирғалиев.