Тошкент метросида аномал иссиқлик туфайли поездлар тезлиги чекланди
Тошкент метроси матбуот хизмати хабарига кўра , иссиқ ҳаво рельслар ва темир йўл пўлат қисмларининг ҳаддан ташқари қизиб кетишига сабаб бўлган, уларнинг ҳарорати +70 даражагача етиши мумкин.
«Темир йўллардан фойдаланиш қоидаларида рельслар ҳарорати +55 даражадан юқори бўлганида поездлар тезлигини камайтириш кераклиги белгилаб қўйилган. Хусусан, рельслар ҳарорати +60 даражадан юқори бўлганида поездлар тезлиги 40 км/соатдан, +65 даражадан юқори бўлганида 25 км/соатдан ошмаслиги, +70 даражадан юқори ҳароратда эса поездлар ҳаракати тақиқланади», - дейилади хабарда.
Шу муносабат билан йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўтарилган ҳалқа йўли участкаларида ва метронинг Сирғали йўналишида поездлар тезлигига вақтинчалик чеклов жорий этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда уч кун давомида аномал иссиқлик туфайли 4000 дан ортиқ одам касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди. Ҳаво ҳароратининг 47 даражагача кўтарилиши муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги республика аҳолиси ва меҳмонларига иссиқда кўчага чиқмасликни, зарурат бўлмаса, парҳезга риоя қилишни ва кўпроқ суюқлик ичишни тавсия қилади.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков