Тоқаев: Волонтёр бўлиш - эзгу ишлар қилиш, яхшилик қилиб, бошқаларга ўрнак бўлишдир
ASTANA. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Волонтёрлар форумида нутқ сўзлади.
— Барчангизни Волонтёрлар форумининг очилиши билан табриклайман!
Бу – ҳақиқатан ҳам ўзига хос учрашув. Ҳаммангиз бугунги форумга мамлакатимизнинг ҳар хил ҳудудидан келдингизлар.
Сизларни жамият манфаати учун хизмат қилаётган Қозоғистоннинг ҳақиқий ватанпарвар, бунёдкор ва ғамхўр ёшлари деб биламан.
Бу йил бутун дунё Халқаро волонтёрлар йилини нишонламоқда. Бу ташаббусни мен Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида кўтарган эдим. Мамлакатимизнинг таклифи глобал миқёсда қўллаб-қувватланди. Биз цивилизацияли давлат сифатида бутун инсониятга умумий қадриятларни тарғиб қиламиз, уни келажак авлодга амонат қиламиз.
Волонтёр бўлиш – эзгу ишлар қилиш, яхшилик қилиб, бошқаларга ўрнак кўрсатиш, Ватанга содиқ хизмат қилиш, туғилган ерингга ғамхўр бўлиш деганидир, — деди Президент.
У яхши ниятли, пок қалбли одамлар шу йўлни танлашини, волонтёрлар сафига қўшилиб, фидокорона меҳнат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, волонтёрларни илғор фикрли жамиятнинг ойнаси деб айтсак, муболаға бўлмайди.
Президент форумда айтилган таклифларни қўллаб-қувватлашини ва уларнинг энг фойдали бўлганларини амалга ошириш бўйича топшириқ беришини ҳам маълум қилди.
— Ҳақиқий волонтёр бутун жамият манфаатини ўйлайдиган, мамлакатимизнинг мақсад ва манфаатларини юқори қўядиган онгли фуқаро экани шубҳасиз.
Шу муносабат билан, бугун барча волонтёрларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Сизлар барча яхши ишларнинг бошида, халқимиз орасида юрибсизлар! Мамлакатимизнинг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келяпсизлар.
Яқинда бир неча фуқаро нутқ сўзлади, муҳим фикрларини баён қилди. Самарали таклифларини етказди. Уларнинг кўпини қўллаб-қувватлайман, энг фойдали таклифларингизни амалга оширишга топшириқ бераман.
Халқимиз «Ақл – ёшдан» деб бежиз айтмаган.
Қозоғистоннинг келажаги – шундай фаол ва ғайратли ўғил-қизларимизнинг қўлида. Ҳаммангизга «Офарин!» демоқчиман, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Эслатиб ўтамиз, бугун Президент Испания Қиролига табрик телеграммасини йўллади.