Тоқаев Европа Кенгаши Президентини I даражали «Достық» ордени билан тақдирлади

ASTANА. Кazinform — Маросимда Қасим-Жомарт Тоқаев Антониу Коштанинг Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев ва Кошта
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётганини таъкидлади.

— Бу интеграцияни янада чуқурлаштириш ва ҳар икки томонга ҳам фойда келтириш учун йўл очди. Бу йил Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим қабул қилинганининг 10 йиллиги нишонланади. Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг асосига айланган ушбу муҳим ҳужжат конструктив ва келажакка йўналтирилган алоқаларни мустаҳкамлайди. Жаноб Президент Кошта, Сиз ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга фаол ҳисса қўшдингиз. Сиз Қозоғистоннинг ишончли дўсти ва жаҳон даражасидаги таниқли давлат арбобисиз. Сизнинг доно раҳбарлигингиз ва қатъий позициянгиз, шунингдек, конструктив мулоқот олиб боришга тайёрлигингиз Европада бирликни мустаҳкамлаш ва дунёдаги барча шериклар билан мазмунли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омилга айланди, — деди Давлат раҳбари.

тақдирлаш
Фото: Ақорда

Президент Антониу Коштанинг Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикликни чуқурлаштиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

— Ҳурматли жаноб Президент, Сизга I даражали “Достық» орденини топшириш мен учун катта шарафдир. Умид қиламанки, Сиз ушбу юксак мукофотни Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг ёрқин белгиси, Сизга ҳурмат сифатида қабул қиласиз. Ишончим комилки, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорлик бундан кейин ҳам ривожланиб боради ва дўстлигимиз мустаҳкамланади, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

тақдирлаш
Фото: Ақорда

Ўз навбатида, Европа Кенгаши Президенти Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик рамзи сифатида мукофотни қабул қилишини айтди.

тақдирлаш
Фото: Ақорда

— Мен буни ишонч ва мулоқотни мустаҳкамлаш, барқарорлик, фаровонлик ва очиқликни таъминлашга бўлган умумий интилишимизнинг намоён бўлиши деб биламан. Ҳурматли жаноб Президент, келажакда халқларимиз ва бутун минтақа манфаатлари йўлида биргаликдаги ишимизни фаол давом эттирамиз, деб ишонаман, — деди Антониу Кошта.

Кошта
Фото: Ақорда

Эслатиб ўтамиз, Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакатга илк расмий ташрифини амалга ошираётган Антониу Кошта билан Ақордада учрашув ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар