Тази ва тўбет куни: Қозоғистонда янги байрам пайдо бўлди

3 сентябрь Қозоғистонда қозоқ ит зотлари – тази ва тўбет куни. Бу ҳақда ҚР Экология ва табиий ресурслар вазирлиги қарор чиқарди.

Тазы ит
Фото: Kazinform

Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2017 йил 31 октябрдаги “Қозоғистон Республикасида байрамлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги ҳужжат “Ahyq” норматив-ҳуқуқий ҳужжат сайтида эълон қилинди.

“Мазкур қарор билан тасдиқланган Қозоғистон Республикасида байрамлар рўйхати қуйидаги мазмундаги 11-1-банд билан тўлдирилсин: “11-1. “Қозоқ ит зотлари куни – 3 сентябрь”, – дейилади қарорда.

Экология вазирлигининг таъкидлашича, қозоқ ит зотлари кунининг таъсис этилиши қозоқ халқининг миллий маданий мероси, тарихи ва анъаналарига қизиқишни кучайтиришда муҳим қадам бўлиши мумкин. Ушбу кунга бағишланган тадбирларни ўтказиш Қозоғистон этнографияси ва маданиятига қизиқувчи сайёҳларнинг эътиборини тортади.

"Бундан ташқари, кинология ва унга алоқадор тармоқларнинг ривожланиши иш ўринлари яратиш ва солиқ тушумларини кўпайтириш учун янги имкониятлар очади, бу эса иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликка ёрдам беради", – деб ҳисоблайди вазирлик.

Қозоқ ит зотлари куни ушбу зотларнинг тарихи, хусусиятлари ва парваришига бағишланган маърузалар, семинарлар, кўргазмалар ва тадбирлар билан бирга ўтказилиши мумкин. Экология вазирлигининг қўшимча қилишича, байрамнинг тасдиқланиши селекционерлар, кинологик ташкилотлар ва қозоқ ит зотларини севувчиларга ўзаро тажриба алмашиш, кўргазмалар, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун янада кенг имкониятлар яратади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 3 сентябрда Халқаро кинология федерацияси қозоқ тазисини расмий тан олиш тўғрисида қарор қабул қилган ва Қозоғистонга тази зоти стандарти эгаси сифатидаги мақомини таъминлаган эди. Бу қарор қозоқ тазининг халқаро миқёсда тўлиқ тан олиниши олдидан қўйилган асосий ва якуний қадамдир.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Франция Президентига миллий тази зотли кучукларни совға қилган эди. Эмманюэль Макрон тази кучукчаларга Жюль ва Жанна деб ном берди.

Шунингдек, Қозоғистонда тўбет ва тази итлар тарғиботига ҳисса қўшганлар Президент ташаккурномаси билан тақдирланди.

Қасим-Жомарт Тоқаев хонанда Димаш Қудайбергенга ҳам тази кучугини совға қилди.

Сўнгги хабарлар