Сув хўжалигидаги муаммоларни ҳал қилишга йирик молия институтлари жалб этилади – ҚР Сув ресурслари вазири
ASTANА. Кazinform - Қозоғистонда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳамкорларнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилди. Унинг таркибига Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), халқаро ташкилотлар, молия институтлари, донор ассоциациялар ва бир қатор бошқа тузилмалар вакиллари киради.
Кенгаш вазирлик, халқаро ташкилотлар ва донор ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш орқали мамлакатда узоқ муддатли экологик барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий ривожланишга кўмаклашишда муҳим рол ўйнайди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш ресурсларни сафарбар қилиш, бошқарувни мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва сув ресурсларини бошқаришда барқарор амалиётни илгари суришда ёрдам беради.
“Бир йил аввал ушбу соҳада янги вазирлик ташкил этилган эди. Шу вақт ичида биз учта асосий йўналишда иш олиб бордик. Биринчидан, янги қонунчилик базасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сув кодекси лойиҳаси Парламент мажлисида кўриб чиқилмоқда ва бу ҳужжат йил охиригача қабул қилиниши мумкин. Бундан ташқари, сув ресурслари йўналиши бўйича 2024-2030 йилларга мўлжалланган концепцияни тасдиқладик. Жумладан, бугун биз пойтахтимизда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича ҳамкорлар мувофиқлаштирувчи кенгашининг биринчи йиғилишини соҳадаги ишларни амалга ошириш мақсадида ташкил этдик”, — деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов пойтахтда ўтказилган йиғилишда журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифаларига тўхталадиган бўлсак, миллий устуворликларга мувофиқ давлат органлари, БМТТД, халқаро молия ташкилотлари ва донор ҳамжамиятнинг келишилган ҳаракатларини таъминлаш эътиборга олинади. Кенгаш белгиланган мақсадларга эришиш учун молиявий ва техник ресурсларни сафарбар қилиш ва самарали тақсимлаш билан шуғулланади. Сув ресурсларини бошқариш соҳасида илғор халқаро амалиёт ва инновацион ечимларни татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Кенгаш фаолиятига сув хўжалиги соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш киради.
“Биз халқаро молия институтлари ва йирик компанияларни мамлакатимиздаги сув хўжалигидаги муаммоларни ҳал этиш ва молиялаштиришга таклиф қилмоқдамиз. Бугунги биринчи йиғилиш натижаларига кўра, котибият ташкил этилади ва махсус низом қабул қилинади. Шу муносабат билан биз бу йиғилишни йилига икки марта ўтказамиз. Охирги 5-6 йил ичида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Айни пайтда ушбу учта молия институти сув соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Лойиҳалар келгуси йилда якунланади. Биз Жаҳон банки билан Оролни қайта тиклаш лойиҳасининг иккинчи босқичини бошламоқчимиз. Бу борада тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки билан катта лойиҳани амалга оширмоқчимиз. Октябрь ойида асосий шартномани имзолаймиз”, - деди вазир.