ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида қатор ҳужжатлар имзоланди
BISHKEK. Kazinform - Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди, деб хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.
Аввалроқ Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этган эди.
Қасим-Жомарт Тоқаев таъкидлаганидек, чорак аср давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти «Шанхай бешлиги»дан Евроосиёнинг катта қисмини қамраб олган ва инсониятнинг қарийб ярмини бирлаштирган йирик халқаро ташкилотга айланиб, улкан йўлни босиб ўтди.
Қозоғистон Президенти ШҲТнинг стратегик барқарорлик бўйича конференциясини ўтказишни таклиф қилди.
Қозоғистон минимал тўсиқлар, рақамли тартиб-таомиллар ва ривожланган транспорт-логистика боғлиқлигига эга бўлган кенг савдо-инвестиция маконини шакллантириш тарафдори.
Президентнинг фикрича, амалдаги чегараолди ҳамкорлик марказлари негизида ШҲТ трансчегаравий савдо ҳудудларини ишга тушириш муҳим қадам бўлиши мумкин.
Давлат раҳбари Евроосиёнинг замонавий транспорт-логистика тизимини яратишни жадаллаштиришни таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 26-йиғилиши ҳамда «ШҲТ+» форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан борди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ШҲТ саммити доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Қасим-Жомарт Тоқаев Бишкекда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.
ШҲТнинг юбилей саммити доирасида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан учрашди.