Референдумнинг якуний натижалари эълон қилинди

ASTANА. Кazinform — Бугун Марказий референдум комиссияси 15 март куни бўлиб ўтган янги Конституция лойиҳаси бўйича референдумнинг якуний натижаларини эълон қилди.

Референдум
Фото: МСК

— ​​Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган республика фуқароларининг умумий сони 12 миллион 482 минг 613 кишини ташкил этди. Овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони 9 миллион 127 минг 192 кишини ёки референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сонининг 73,12 фоизини ташкил этди, — деди комиссия раиси Нурлан Абдиров.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг барча ҳудудларида янги Конституцияни қабул қилиш масаласини ижобий ҳал қилиш учун овоз берган фуқаролар сони 7 миллион 954 минг 666 кишини ёки 87,15 фоизни ташкил этди.

— Референдумга қўйилган масалани қабул қилмаган фуқаролар сони 898 099 кишини ташкил этди. Иккала жавоб варианти танланган, яъни ҳақиқий деб топилган, аммо овозларни санашда ҳисобга олинмаган бюллетенлар сони — 127 868 та. Белгиланмаган шаклдаги, шунингдек, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашнинг иложи бўлмаган ва ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сони — 146 558 та. Республика референдуми тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқ, агар референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг ярмидан кўпи овоз беришда иштирок этган бўлса, референдум ўтказилган деб ҳисобланади, — деди Нурлан Абдиров.

Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий референдум комиссияси республика референдумида овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди.

Унинг маълумотларига кўра, овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони 9 миллион 127 минг 197 кишини ёки референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга фуқаролар сонининг 73,12 фоизини ташкил этди. Шундай қилиб, янги Конституцияни қабул қилиш масаласининг ижобий ечимини қўллаб-қувватлаган ва мамлакатнинг барча ҳудудларида овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони 7 миллион 954 минг 667 кишини ёки 87,15 фоизни ташкил этди.

Сўнгги хабарлар