Референдумда аҳолининг 71,12 фоизи АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади - Нурлан Абдиров
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон аҳолисининг 71,12 фоизи референдумда АЭС қурилишини ёқлаб овоз берди. Бу ҳақда Марказий референдум комиссияси раиси Нурлан Абдиров маълум қилди.
“Жорий йил 7 октябрь соат 8:00 ҳолатига кўра, республикамизнинг барча ҳудудлари ва хориждаги 10323 та референдум участкасида овозларни санаб чиқиш якунланди. Вилоятлар, Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарлари комиссияларидан олинган тезкор маълумотлар асосида Марказий референдум комиссияси референдум бўйича овоз бериш бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди”, — деди Н. Абдиров пойтахтда ўтказилган брифингда.
Унга кўра, референдумда қатнашиш ҳуқуқига эга Қозоғистон Республикаси фуқароларининг умумий сони 12 миллион 284 минг 487 кишини ташкил этди.
“Овоз беришда иштирок этган фуқаролар сони 7 миллион 820 минг 204 нафар ёки референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сонининг 63,66 фоизини ташкил этди. Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдумда ижобий ҳал этилишини ёқлаб овоз берган фуқаролар сони мамлакатнинг барча ҳудудларида овоз беришда қатнашганларнинг 71,12 фоизини ёки 5 миллион 561 минг 937 нафарни ташкил этди. Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдумга қарши овоз берганлар сони овоз беришда қатнашганларнинг 2 миллион 45 минг 271 нафарини ташкил этди”, — деди Нурлан Абдиров.
Унга кўра, жавобларнинг иккала варианти бўйича танлаб олинган, яъни ҳақиқий деб топилган, лекин овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмаган бюллетенлар сони 82 729 тани ташкил этди. 130 267 та бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Қозоғистон халқи АЭС қуриш масаласи бўйича референдумда овоз берган эди.
6 октябрь куни бутун мамлакат бўйлаб 10 249 та референдум участкасида овоз бериш бошланди.
1 июль ҳолатига кўра, референдумда мамлакат бўйлаб 12 миллион 176 минг 968 киши овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинган эди.
Жамоатчилик сиёсати институти сайловчилар ўртасида сўров ўтказди. Exit poll натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 72,3 фоизи АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаган.
Дастлабки Exit poll натижасига кўра, референдумда қозоғистонликларнинг 69,8 фоизи АЭС қурилишини ёқлаб овоз берган.
Евроосиё интеграцияси институти: Exit poll натижаларига кўра, респондентларнинг 71,8 фоизи “Ҳа, розиман” деб жавоб берган бўлса, қолган 28,2 фоизи “Йўқ, рози эмасман” жавобини танлаган.