Президент Тоқаевга Алмати агломерациясини ривожлантириш режаси тақдим этилди

ASTANА. Каzinform — Давлат раҳбари Алмати вилояти ҳокими Марат Султанғазиевни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевга ҳудуднинг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, шунингдек, Алмати агломерациясини ривожлантириш режаси ҳақида ахборот берилди.

Марат Султанғазиевнинг сўзларига кўра, сўнгги 3 йил ичида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,8 бараварга, 3,4 триллион тенгедан 6 триллион тенгегача ўсган. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари учун қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткич 109,7 фоизни ташкил этди. Озиқ-овқат саноати, логистика ва металлургия соҳасидаги халқаро компаниялар иштирокида умумий қиймати 470 миллиард тенгедан ортиқ бўлган 13 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Президентга жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ишлаб чиқариш саноатидан экспорт 28,5 фоизга ўсиб, 618,5 миллион долларга етгани ҳақида ахборот берилди. Шу билан бирга, экспортнинг 90 фоизи юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлардир.

Давлат раҳбарига Алмати вилояти қишлоқ хўжалигига давлат субсидияларидан самарали фойдаланиш бўйича етакчи ҳудудлардан бири эканлиги маълум қилинди: яъни бир тенге субсидия эвазига 17 тенгегача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Тижорат сут фермалари сони 11 тага етди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга вилоятнинг ижтимоий ривожланиши ҳақида ахборот берилди. Жорий йилнинг дастлабки ўн ойида қарийб 950 минг квадрат метр уй-жой қурилди. Уч сменали мактаблар сони 52 тадан 28 тагача камайди.

— Президентга шунингдек, Қапшағай сув омбори ва миллий табиий боғлар атрофидаги туризм кластерини ривожлантириш бўйича ахборот берилди. Вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,2 миллион кишига етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36 фоизга кўп. Учрашув якунида Давлат раҳбари вилоят ҳокимига ҳудуднинг саноат ва қишлоқ хўжалиги салоҳиятини мустаҳкамлаш, логистика ва туризм соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, аҳолини ташвишга соладиган долзарб масалаларни комплекс ҳал қилиш бўйича бир қатор аниқ топшириқлар берди, — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Никушор Данни Руминия миллий байрами билан табриклаган эди.

Сўнгги хабарлар