Президент Қозоқ миллий университетининг илмий салоҳияти билан танишди
ASTANА. Каzinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Алмати шаҳрига амалий ташрифи доирасида Ал-Форобий номидаги Қозоқ миллий университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Қозоқ миллий университети ректори — бошқарув раиси Жансейит Туймебаев Давлат раҳбарига Инновацион маҳсулотлар маркази ва Farabi Hubнинг юқори технологияли лойиҳаларини кўрсатди.

— Хаб иқтисодиётнинг реал секторига инновацион ишланмаларни жорий этишга қаратилган замонавий платформа сифатида яратилган. Унинг асосида креатив саноат, сунъий интеллект ва стартап лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу 300 та янги иш ўринларини яратди ва 20 миллион доллардан ортиқ инвестицияларни жалб қилди, — дейилади хабарда.
Марказда ZTE, BASF, Binlin технология корпорациялари, шунингдек, бошқа етакчи хорижий илмий ташкилотларнинг илмий-тадқиқот муассасалари жойлашган. Бундан ташқари, бу ерда Қоозоғистон миллий университетининг илмий-тадқиқот институтлари фаолият юритади.

Президентга университет умумий қиймати 1 миллиард 250 миллион тенгега тенг бўлган тўртта йирик лойиҳани амалга ошираётгани маълум қилинди.
Давлат раҳбарига Хитойнинг Шимоли-ғарбий политехника университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган микроспутник макети намойиш этилди.

Олий таълим муассасалари олимлари NKSAT сунъий йўлдошини ишлаб чиқмоқдалар. У Ернинг тортишиш майдони ва нурланиш даражасини ўлчаш, шунингдек, геологик тадқиқотлар ўтказиш учун мўлжалланган.

— Қасим-Жомарт Тоқаевга "Масофавий зондлаш ва уни қўллаш технологияси" лабораторияси фаолияти тақдим этилди. Ушбу мажмуа Хитой Халқ Республикаси Фанлар академияси билан ҳамкорликда очилди. Лаборатория сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар асосида Марказий Осиёдаги иқлим ва экологик ўзгаришларни ўрганади, — дейилади Ақорда хабарида.
Давлат раҳбари Халқаро рақамли технологиялар ва робототехника институти ва робототехника марказига, шунингдек, Қозоғистон-Сингапур квант технологиялари марказига ташриф буюрди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга университет ҳудудида жойлашган суперкомпьютер кластери намойиш этилди. Уни яратишга 23 миллион доллар сармоя киритилди.

Кластер мураккаб ҳисоб-китобларни бажариш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширади. Бу, шунингдек, IТ ва сунъий интеллект соҳасида мутахассисларни тайёрлаш учун кенг имкониятлар очади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилди.