Президент халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини тақдирлади
ASTANА. Kazinform — Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Ақорда халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирга 24 нафар лауреат, жумладан, 4 олтин, 11 кумуш ва 9 бронза медали соҳиби таклиф этилди. Ўқувчилар кимё, математика, физика, география, информатика ва биология фанларидан аъло натижалар кўрсатди.
Президент ёшларни, аввало, таълим оламидаги ғалабалари билан табриклаб, самимий миннатдорчилик билдирди. Уларнинг нуфузли халқаро таълим олимпиадаларида эришган муваффақиятлари, Қозоғистон номини дунёга танитганини катта ютуқ сифатида эътироф этди.
– Жаҳон мусобақаларида ғолиб чиқиш осон эмас. Билимга интилиш, чинакам меҳнат ва матонат туфайли шундай чўққиларни забт этдингизлар. Дарҳақиқат, истеъдодга эга бўлиш бахтдир. Аммо истеъдоднинг ўзи муваффақиятни кафолатлай олмайди. Истеъдодни очиш ва унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш керак. Ҳар бир ғалаба, ҳар бир медаль тинимсиз изланиш, тўкилган тер ва тинимсиз тайёргарлик билан келади, — деди Давлат раҳбари.
Президент илғор тафаккурли авлодни вояга етказган ота-оналарга миннатдорчилик билдириб, Қозоғистон келажаги бунёдкор ёшлар қўлида эканини таъкидлаб, ўғил-қизлар ҳамиша энг яхшилар сафида бўлишини таъкидлади.
– Ёшларимиз жаҳон миқёсидаги спорт ва санъат мусобақаларида ғолиб бўлиб, байроғимизни юксакларда ҳилпиратмоқда. Таълим соҳасида ҳам обрў-эътиборимиз ортиб бормоқда. Ўтган йилдан буён ўқувчиларимиз 30 дан ортиқ халқаро олимпиада ва мусобақаларда қатнашиб, мингга яқин медални қўлга киритди. Уларнинг 200 га яқини олтин, 300 дан ортиғи кумуш, 500 га яқини бронза медалидир. Бу ажойиб кўрсаткич Қозоғистонда таълим сифати юқори эканлигини кўрсатади. Такрор айтаман, жаҳон мусобақаларида юрт шарафини ҳимоя қилган ҳар бир ғолиб билан фахрланамиз. Сизларни юртимизга муносиб ва обрўли фуқаролар, деб биламан. Ишончим комилки, сизлар келгусида ҳам Қозоғистоннинг янада ривожланишига катта ҳисса қўшасизлар, – деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент ўқувчиларнинг СИ бўйича билимини ошириш юзасидан тизимли чора-тадбирлар зарурлиги ҳақида гапирган эди.