Новак Жокович «Катта дубулға» турнирида 23 марта ғолиб чиқди ва рекорд ўрнатди
Бунгача «Катта дубулға» мусобақаларида 22 карра чемпион бўлган сербиялик спортчи финалда жаҳоннинг 4-ракеткаси, норвегиялик Каспер Рууд билан бош соврин учун кураш олиб борди.
Н.Жокович биринчи ўйиндаёқ тай-брекда яққол устунлик қилди – 7:6 (7:1). Кейин сербиялик теннисчи кучайди - 6:3. Учинчи сетда ҳисоб 5:5 бўлиб турганида Новак брейк қилди – 7:5.
Уч соату 14 дақиқа давом этган баҳсда Н.Жокович 11 та эйс амалга оширди ва 10 та брейк-пойнтдан учтасини ишлатди. К.Рууд 4 та эйс, 1 та брейк (4 брейк-пойнт) билан ажралиб турди.
Шу тариқа, Новак Жокович учинчи марта Ролан Гарроснинг энг яхшисига айланди.
Спорт фаолияти давомида «Катта дубулға» турнирида 23 марта ғолиб чиққан Н.Жокович теннис тарихидаги энг машҳур ўйинчига айланди ва рекорд ўрнатди. Бунгача у 22 та чемпионлик унвонига эга испаниялик Рафаэль Надал билан тенг эди.
Жокович Australian Open чемпионатида 10 марта, Уимблдонда 7, US Open ва Ролан Гарросда уч марта ғалаба қозонган.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ