Москва мэрияси мансабдорлар сонини қисқартиради
МOSKVA. Кazinform — Москва шаҳар маъмурияти раҳбари Сергей Собянин пойтахтдаги шаҳар бошқарувчи- мансабдорлар сони шу йил ёзининг бошига қадар қисқартирилишини эълон қилди. Бу ҳақда Кazinformнинг Москвадаги мухбири шаҳар мэрияси матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-февраль ойларида бюджет даромадлари 2 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йиллик бюджетни шакллантиришда режалаштирилган 6,5 фоизлик ўсишдан паст.
Бюджетни мувозанатлаш мақсадида шаҳар мэрияси 2026 йил 1 июнга қадар Москва ижроия ҳокимиятидаги давлат хизматчилари сонини 15 фоизга қисқартиришга қарор қилди. Бундан ташқари, бошқарув функцияларига эга бўлган айрим идоравий муассасалар ходимлари ҳам қисқартирилади.
Бироқ, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатадиган муассасалар ходимлари сони камайтирилмайди.
Шунингдек, 2026 йилга режалаштирилган инвестиция дастурини молиялаштириш харажатларини 10 фоизга оптималлаштириш режалаштирилган. Хусусан, шаҳарсозлик ва маданий-оммавий тадбирлар билан боғлиқ баъзи лойиҳалар қисқартирилади ёки кейинга қолдирилади.
Шу билан бирга, таъмирлаш дастури, метро қурилиши ва бошқа йирик лойиҳалар белгиланган муддатда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг иш ҳақи бўйича қарзлари январь ойида 1,85 миллиард рублни ташкил этди.