МДҲ ва ЕОИИ мамлакатлари ёшлар форуми делегатлари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ғоялари билдирилди
«Ижодкор ёшлар» треки доирасида мамлакатлар ёшлари ўртасида истиқболли билим ва кўникмаларни эгаллаш орқали инновациялар ва рақамли трансформацияни ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди. Мутахассислар МДҲ ва ЕОИИ давлатларининг рақамли трансформация жараёнларига ёшларни жалб қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш, инфратузилма ва мамлакатларнинг инновацион салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган мос келувчи юқори самарали стандартларни яратиш нуқтаи назаридан ҳамкорликнинг янги имкониятлари ва ёндашувларини кўриб чиқдилар.
Қирғизистон Юқори технологиялар парки директори Чубак Темиров Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида муҳокамалар натижалари бўйича ўз фикрини билдирди.
«Тадбирда иштирок этаётган барча мамлакатлар учун ёшлар – келажак, қолаверса, иқтисодий ўсишнинг ҳайдовчиси. «Ижодкор ёшлар» треки доирасида турли мамлакатлардан келган эксперт ва блогерлар муҳокама шаклида сўзга чиқиб, ўз тажриба ва фикрлари билан ўртоқлашдилар. Ўйлайманки, давом этаётган форум келажакда ҳамкорликнинг ўзига хос кафолатига айланиши мумкин. Форумда мамлакатларнинг интеграцияга эришиш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Форсайт сессиялари натижаларига кўра, ўз мамлакатларида қўлланилаётган маҳсулот ёки хизматни МДҲ ва ЕОИИ давлатлари даражасида қандай кўпайтириш бўйича интеграция ечимлари тақдим этилад», - деди Ч.Темиров.
«Ёш давлат хизматчилари» йўналиши бўйича ўтказилган панел муҳокамасида бугунги кунда МДҲ ва ЕОИИ дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишда минтақа давлатларининг ёш етакчиларини тизимли равишда жалб этиш орқали интеграция бирлашмаларининг стратегик мақсадларига эришиш масалалари муҳокама қилинди. Иқтидорли ёшларнинг кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек, бошқарув кадрларини шакллантириш бўйича муваффақиятли тажриба алмашиш Евроосиё интеграция тузилмаларини ривожлантиришда узлуксизликка хизмат қилади.
«Таълим ва жамоат лойиҳалари» треки иштирокчилари интеграциянинг ижтимоий-гуманитар жиҳати масалаларига тўхталиб ўтдилар, МДҲ умумий илмий-таълим маконининг истиқболларини муҳокама қилдилар.
Аввалроқ Чўлпон-Ота шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши шафелигида МДҲ ва ЕОИИ Ёшлар форуми бўлиб ўтаётгани, унда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россиядан 200 дан ортиқ делегатлар иштирок этгани хабар қилинганди.