Марказий Осиё давлатлари АЭС соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этиши керак – эксперт

TASHKENT. Kazinform – Марказий Осиё давлатлари атом энергетикаси соҳасида ҳамкорликни кучайтирса, давлатларнинг жаҳон майдонидаги нуфузи ошади. «Sputnik Ўзбекистон» мультимедиа матбуот маркази томонидан ташкил этилган муҳокамада иштирок этган экспертлар шундай фикрда, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.

Өзбекстанда атомды дамыту
Фото: Алихан Асқар/Kazinform

Соҳанинг таниқли мутахассислари дастлаб Самарқандда ўтказилган халқаро конференция якунларини эълон қилди. Атом энергетикасининг истиқболлари ва имкониятлари муҳокама қилинган тадбирда 500 дан ортиқ хорижлик делегатлар иштирок этди.

Унинг доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэль Гроссини қабул қилди.

“АЭХА раҳбари билан Президент Шавкат Мирзиёев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилдилар ва фикр алмашдилар. Бугунги кунда Ўзбекистон учун халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш, алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Самарқандда кенг кўламли анжуман ташкил этилди. Бу тажриба алмашиш ва бошқа мамлакатларда атом энергетикасининг ривожланиш даражасини баҳолаш учун ажралмас платформадир. Анжуманни ҳар йили ўтказишни режалаштирганмиз”, – деди «Uzatom» агентлиги Атом энергияси, ядро технологиялари ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Нодира Зикриллаева.

атомды дамыту
Фото: Sputnik Ўзбекистон

Мутахассислар ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратдилар. Қозоғистон Республикаси Атом фани, энергетика ва саноат фахрийлари кенгаши раиси Баурижан Ибираевнинг фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш йўналишини биргаликда ривожлантириши мумкин.

“Марказий Осиё мамлакатлари табиий уран қазиб олиш учун катта имкониятларга эга. Ўзбекистонда бу йўналишда фаол иш олиб борилаётганидан хабаримиз бор. Қозоғистон ҳам мамлакатда уран ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмай, бу ишларни хорижий мамлакатларда ҳам давом эттиришни режалаштирмоқда. Мамлакатимиз табиий уран қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Бу имкониятларни ҳисобга олган ҳолда келгусида минтақавий интеграцияни кучайтириш керак. Бу жаҳон майдонидаги ўрни ва обрў-эътиборимизни оширишга замин яратади”, – деди Бауржан Ибраев.

Эслатиб ўтамиз, минтақадаги биринчи кам қувватли атом электр станцияси Ўзбекистонда Россия технологияси асосида қурилади.

Яқинда Ўзбекистон ва Россия атом электр станцияси қурилишини бошлаш бўйича протокол имзолади.

Сўнгги хабарлар