Лойиҳадан сўнг машҳурлигим ортди - ўзбек хонандаси Silk Way Star ҳақида

ASTANA. Kazinform – Астана шаҳрида Осиёдаги биринчи йирик вокал мегалойиҳаси – Silk Way Starнинг ярим финали якунланди. Энг яхши етти нафар саралангандар орасида ўзбекистонлик хонанда Мадинабону Одилова ҳам бор. У Jibek Joly каналининг «Бүгін LIVE» дастурида лойиҳа ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

әнші Мадинабону Адылова
Фото: Kazinform

Мадинабонунинг айтишича, ярим финал йўли жуда қийин бўлди.

“Лойиҳа интрига, масъулият ва ҳаяжонга тўла. Ҳар бир босқичдан қоқилмасдан ўтишнинг ўзи бир тажриба. Якуний қисм олдидан охирги эпизод энг қийин бўлганини айтган бўлардим. Қозоқ хонандалари билан бирга куйладик. Назарбекнинг 2 йил аввал мухлиси бўлган эдим, қўшиқларини тинглаб юрардим. Бу босқичда бирга қўшиқ айтиш насиб этди. Унинг услуби ёқади, чунки бу ўзига хос услуб ҳозир Ўзбекистонда ривожланмоқда”, – деди хонанда.

Санъаткор ярим финалда “Ne boldi” қўшиғини танлаш сабабини тушунтирди.

“Қўшиқни таҳририят билан бирга танладик. Чунки мен асосан лирик қўшиқларни яхши кўраман. Янгилик киритайлик, деб қарор қилдик. Бундан ташқари бу қўшиқ МДҲ мамлакатларида машҳур. Томошабинлар аудиториясини жонлантиришга ҳам ҳисса қўшди”, – дейди Мадинабону Одилова.

Хонанда лойиҳадаги рақобат жуда юқори савияда ўтаётганлигини таъкидлади.

“Биз ҳаммамиз лойиҳада рақибмиз. Ваҳоланки, арманиялик Саро Геворгянни ўзимга рақиб деб атаган бўлардим. У жуда истеъдодли”, - деди у.

Silk Way Starнинг таъсирли лаҳзалари ҳам хонанда учун алоҳида эсда қоларли.

“Илгари 6-босқичда сўнгги 2 йилда оммалашиб кетган қўшиқларни куйлаганмиз. Мен Леди Гаганинг ижодини танладим. Туйғуларимни жиловлай олмай, йиғладим. Чунки мен бу қўшиқни марҳум бобом билан боғлаганман ва куйлаш чоғида ғамгин бўлдим. Умуман олганда, лойиҳада 11 давлатдан дўст ва ҳамкасблар топдик. Халқаро мусобақаларда тажриба орттиряпмиз. Лойиҳа туфайли Қозоғистон ва Ўзбекистонда менинг машҳурлигим ошди. Тармоқда ўқувчиларим кўпайди”, - деди хонанда.

Эслатиб ўтамиз, Silk Way Star лойиҳасининг якуний қисми 22 ноябрда соат 20:00 да Jibek Joly телеканалида жонли эфирда намойиш этилади.

Аввалроқ Астанада биринчи Осиё вокал мега-лойиҳаси Silk Way Starнинг ярим финали якунлангани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар