ҚР Президенти Энергетика кенгаши фаолиятига ўзгартиришлар киритди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 11 ноябрь куни “Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Энергетика кенгаши тўғрисида”ги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги Фармонни имзолади.
Хусусан, ҳужжатда кенгаш йиғилишлари заруратга қараб, Кенгаш раиси томонидан белгиланган вақтда, лекин камида олти ойда бир марта ўтказилиши айтилган.
Кенгаш раисининг қарори билан масалалар сиртдан овоз бериш йўли билан кўтарилиши ва кўриб чиқилиши мумкин. Сиртдан овоз бериш қоғозда амалга оширилади. “Расмий фойдаланиш учун” деб белгиланган ва давлат сирларини ўз ичига олган лойиҳалар бўйича овоз бериш давлат сирларини ҳимоя қилиш талабларига мувофиқ амалга оширилади.
— Кенгаш аъзолари томонидан сиртдан овоз бериш муддати қарор лойиҳаси бўйича материаллар овоз бериш учун тарқатилган кундан бошлаб бир иш кунидан ошмаслиги керак. Сиртдан овоз бериш учун тақдим этилган қарор лойиҳаси бўйича бирон-бир фикр-мулоҳаза бўлса, Кенгаш аъзолари сиртдан овоз бериш муддати тугашидан олдин Кенгашнинг ишчи органига ёзма равишда хабар беришлари шарт, — дейилади ҳужжатда.
Агар белгиланган муддат ичида жавоб берилмаса, Кенгаш аъзоси қарор лойиҳасини "дастлабки ҳолати бўйича" қабул қилиш учун овоз берган деб ҳисобланади. Кенгаш йиғилиши унинг аъзоларининг камида ярми йиғилишда иштирок этса, ҳақиқий ҳисобланади.
Бундан ташқари, Кенгаш аъзоларига ўз ваколатларини бошқа мансабдор шахсларга топширишга рухсат берилмайди.
— Кенгаш қарорлари йиғилишда иштирок этган ёки сиртдан овоз берган Кенгаш аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан очиқ ёки сиртдан овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Кенгаш қарорлари тавсия характерига эга бўлади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади. Кенгаш аъзолари ўзларининг алоҳида фикрини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга, бу фикр баённомага илова қилинади, — дейилади юқорида айтиб ўтилган Фармонда.
Ушбу Фармон имзоланган кундан бошлаб кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Алатау шаҳрига махсус мақом бериш тўғрисидаги Фармонни имзолаган эди.