ҚР Президенти: Бизнинг стратегик мақсадимиз агросаноат мажмуасини юқори технологияли саноатга айлантиришдир

Казахстан поддерживает инициативу ЕЭК по развитию «четырех свобод» — Президент РК
Фото: Ақорда

Қозоғистон Президенти саноат соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришни навбатдаги устувор вазифа сифатида қайд этди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги кунда “Евроосиё бешлиги”га кирувчи мамлакатлар экспортининг қарийб 90 фоизини оралиқ товарлар ташкил этади.

“Жаҳон технологик тараққиёти шароитида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг “мураккаблиги”га эътибор бериш жуда долзарб масаладир. Шунинг учун иқтисодиётнинг аниқ секторида технологик интеграцияни кучайтириш зарур. Маълумки, жорий йилдан бошлаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи бюджети ҳисобидан саноат соҳасидаги кооперация лойиҳаларига молиявий кўмак кўрсатилади. Юқори сифатли қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган илғор технологик корхоналарни қўллаб-қувватлаш зарур. Албатта, молиялаштириш манбаларидан тенг фойдаланишни таъминлашнинг очиқ механизмини яратиш муҳим вазифадир. Ўз навбатида, Қозоғистон Евроосиё маконида саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсатни давом эттиради. Айни пайтда Иттифоққа аъзо мамлакатлар 150 дан ортиқ саноат лойиҳасини амалга оширмоқда”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари нефть ва газ кимёси соҳасидаги ҳамкорлик катта истиқболга эга эканини алоҳида таъкидлади. Бу саноат иқтисодий ўсишга янги туртки бериши мумкин.

“Россиялик ҳамкорлар иштирокида полипропилен, полиэтилен ва бутадиен ишлаб чиқарадиган юқори технологияли заводлар қурмоқдамиз. Бирламчи хом ашё нархидан 20 баравар юқори бўлган учинчи босқичда қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади”, – деди Қозоғистон Президенти.

Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши, деб ҳисоблайди.

“Ҳаммага маълумки, Евроосиё қитъаси жаҳонда жуда кучли ишлаб чиқариш, ресурс ва экспорт салоҳиятига эга минтақалардан бири ҳисобланади. Агар дунё аҳолиси ўсиб бораётган ва бошқа макроминтақаларда ресурслар чекланган бўлса, биз 600 миллионга яқин одамни озиқ-овқат билан таъминлаш имкониятига эгамиз. Шу билан бирга, Иттифоқнинг глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги роли янада кучаяди. Бизнинг стратегик мақсадимиз агросаноат мажмуасини юқори технологияли саноатга айлантиришдир. Бунинг учун сунъий интеллект, робототехника, биотехнология ва аграр фан соҳаларига асосланган динамик инновацион технологияларни жорий этиш бўйича келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш жуда муҳим”, – деди Қозоғистон Президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда муваффақиятли рақамли трансформация нафақат алоҳида мамлакатлар, балки бутун минтақанинг иқтисодий ривожланиши ва технологик мустақиллигини белгиловчи омилга айланмоқда.

“Биз учун глобал миқёсдаги “рақамли пойга”да муносиб ўрин эгаллаб, етакчилар қаторидан жой олишимиз муҳим. Рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик интеграция иттифоқининг барқарор ривожланишининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиши керак. Шу боис Қозоғистон Евроосиё иқтисодий комиссиясининг оммавий рақамлаштириш шароитида Иттифоқнинг “тўртта эркинлиги” тамойилини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, сунъий интеллектга алоҳида урғу бериб, минтақада энг тез ривожланаётган рақамли иқтисодиётлардан бирини яратамиз”, – деди Давлат раҳбари.

Қозоғистон Президенти ўз нутқи сўнггида ЕОИИ ташкил этилганидан буён ўтган 10 йил давомида Иттифоққа аъзо давлатлар барча йўналишларда ҳайратланарли натижаларга эришганини таъкидлади. Шунингдек, у ташкилотнинг катта салоҳиятга эга эканлиги ва ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шериклик тамойиллари асосидаги иқтисодий интеграцияни қўллаб-қувватлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, Қасим-Жомарт Тоқаев йиғилиш иштирокчиларини яқинлашиб келаётган Буюк Ғалаба байрами билан табриклади.

Йиғилиш якунларига кўра бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.

Сўнгги хабарлар