ҚР Президенти: Астана қурилиши мустақил Қозоғистон тарихида муҳим воқеа бўлди

«Бугун ушбу форумда қардош шаҳарлар раҳбарлари учрашяпти. Бутун дунёдан махсус меҳмонлар келган. Барчангизга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Сиз билан Астанада учрашганимдан хурсандман. Бу йил пойтахтимизнинг 25 йиллиги нишонланади. Бу тантанали тадбир. Бундан чорак аср аввал пойтахтимизни Алатау ён бағирларидан Арқага кўчирдик. Есил дарёси соҳилига жойлашиб, янги шаҳар пойдеворини қўйдик. Бугун ушбу муҳим йиғилишда пойтахтимизнинг собиқ ҳокимлари, шаҳримизнинг ҳурматли фуқаролари, меҳнат фахрийлари, маданият, фан, спорт арбоблари, олимлар, ўқитувчилар, давлат хизматчилари иштирок этяпти», – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шу муносабат билан Президент бу сиймолар мустақил Қозоғистоннинг таянчи бўлган Астана қурилишида фаол иштирок этиб, Совет давридаги эски шаҳарни замон билан ҳамоҳанг илғор шаҳарга айлантиришга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.
«Барчангизга чин дилдан миннатдорчилик билдираман. Дарҳақиқат, Астана шаҳрининг қурилиши мустақил Қозоғистон тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган воқеа бўлди», – деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда пойтахтда Астана қардош шаҳарлар форуми бўлиб ўтяпти.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов