Қозоғистонда «Рожковское» йирик газ конденсат кони ишга туширилди
Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги «Рожковское» йирик газ конденсат кони саноат йўлида фойдаланишга топширилди. ҚР Бош вазири Алихан Смаилов телекўприк режимида табиий газ ва конденсат ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги primeminister.kzга таяниб хабар беради.

Газ конденсати кони 2008 йилда кенг кўламли геологик қидирув ишлари натижасида очилган. 2040 йилгача 14,2 миллиард куб метр хом газ ва 7,1 миллион тонна конденсат ишлаб чиқариш режалаштирилган. “ҚазМунайГаз” (50%), Венгриянинг MOL Group (27,5%) ва Хитойнинг Sinopec (22,5%) компанияларидан ташкил топган қўшма корхона ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бугунги кунга қадар қарийб 534 миллион доллар сармоя киритилди.

«Рожковское» конини ўзлаштириш туфайли ҚР Миллий жамғармаси 501 миллиард тенгега, маҳаллий бюджет эса 110 миллиард тенгега тўлдирилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, акциядорлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга камида 3,1 миллиард тенге ажратишни, шунингдек шартномадаги мажбуриятлар доирасида ҳар йили инвестиция суммасининг 1 фоизини қозоғистонлик кадрларни тайёрлашга йўналтиришни режалаштирмоқда.
Бош вазирнинг айтишича, бу лойиҳа катта стратегик аҳамиятга эга. У Давлат раҳбарининг янги газ конларини қидириш ва ўзлаштиришга сармоя жалб этиш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида амалга оширилмоқда.
"Рожковское" кони табиий газнинг қўшимча манбасига айланади. Конда ишлаб чиқарилган хомашё “Жайиқмунай” корхонасида қайта ишланади. Мазкур лойиҳа хорижий компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, бу эса зарур дизайн ечимларини тайёрлаш ва қўллаш жараёнида илғор халқаро амалиётдан фойдаланиш имконини берди”, - деди Алихан Смаилов.

Ҳукумат раҳбари ўрта муддатли истиқболда «Орталық Өріктау» (Ақтўбе вилояти), «Батыс Прорва» (Атирау вилояти) ва «Қаламқас» (Манғистау вилояти) каби яна бир қанча газ лойиҳалари ишга туширилишини айтди.
“Уларнинг барчаси йилига 2 миллиард куб метрдан ортиқ қўшимча газ ишлаб чиқариш имконини беради. Бундан ташқари, халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 12 та истиқболли геология-қидирув лойиҳаси, шунингдек, мавжуд конларнинг қўшимча қидирув лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда”, - деди Бош вазир.

Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, аҳоли ва саноатнинг ўсиши газ ресурслари ва газни қайта ишлаш қувватларини оширишни тақозо этади.
“Давлат раҳбари 2030 йилгача товар газини қазиб олиш ҳажмини 30 миллиард куб метрга етказиш вазифасини қўйган. Шу муносабат билан “Қашаған” ва “Қарашиғанақ” конларида, шунингдек, “Жанаўзен” шаҳрида янги газни қайта ишлаш заводлари қурилади”, - деди Алихан Смаилов.
“ҚазМунайГаз” МК” АЖ бошқаруви раиси Мағзум Мирзағалиевнинг эслатишича, Давлат раҳбари ўтган йил октябрь ойида Энергетика соҳасини ривожлантириш кенгашида товар газини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берган эди.

“Май ойида «Оңтүстік Ақсай» конини, декабрь бошида эса «Шығыс Өріктау» конини ишга туширдик. Бу йилни «Рожковское» конини ишга тушириш билан якунлаймиз. Лойиҳа Ғарбий Қозоғистон вилоятининг кейинги ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Ишлар ва хизматларнинг маҳаллий қамров улуши 74 фоиздан кам бўлмади”, -деди у.
Тадбир давомида телекўприк режимида MOL Group вице-президенти Жомбор Мартон (Будапешт шаҳридан) ва Sinopec International Petroleum Exploration & Production Corporation бошқаруви раиси Гу Юэлян (Пекиндан) нутқ сўзлади. Жомбор Мартон «Рожковское» конини ўзлаштиришга тайёргарлик ишлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилганини таъкидлади.

“Компанияларимиз самарали ҳамкорлик қилишнинг тўғри йўлларини топди. Бу мазкур коннинг имкониятларини очиб бериш имконини берди. Олдинда ҳали кўп ишлар бор. Биз қозоғистонлик ва хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу янги босқичга қадам қўйганимиздан жуда хурсандмиз, уларнинг профессионаллигига таянишимиз мумкин”, - деди MOL Group вице-президенти.


Ўз навбатида Го Юэлян Қозоғистон Ҳукуматига шундай муҳим лойиҳани амалга оширишни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
“Компаниямиз саноат хавфсизлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида юқори стандартларни сақлаб қолган ҳолда, бундай соҳаларни ривожлантириш учун зарур билим ва тажрибага эга. Ишлар давомида бунга устувор аҳамият берилади”, - деди у.