Қозоғистонда махсус дастур ёрдамида 10 000 дан ортиқ чақалоқ дунёга келди
ALMATY. Кazinform – Президент ташаббуси билан 2021 йилда ишга туширилган «Аңсаған сәби» дастури натижасида тўрт йилда Қозоғистонда 10 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келди.

Бу ҳақда ҳудудий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Экомед” клиникаси ва «New Generation Clinic» (NGC) маркази директори Марат Отарбаев маълум қилди.
Эмбриологнинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда ЭКОни амалга оширувчи 30 та клиника мавжуд. Уларнинг аксарияти мажбурий ижтимоий тиббий суғурта тизимида иштирок этади.
– 2021 йилда Давлат раҳбарининг топшириғи билан «Аңсаған сәби» дастури ишга туширилди. Ўтган тўрт йил давомида, яъни мазкур дастур ишга туширилгандан буён бутун мамлакат бўйлаб экстракорпорал уруғлантириш орқали 10 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келди, — деди у.
Репродуктолог Айгерим Ахметованинг сўзларига кўра, ЭКО процедураси туфайли Алматида 240 дан ортиқ аёл оналик бахтига муяссар бўлди.
– Сўнгги тўрт йил ичида «Аңсаған сәби» дастури доирасида 28 000 та ЭКО муолажалари ўтказилди, натижада 10 000 дан ортиқ бола дунёга келди. Алматида ушбу дастур 562 нафар аёлни қамраб олди, улардан 246 нафари она бўлди, — деди репродуктолог.
Маърузачиларнинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги эр-хотинларнинг 16-17 фоизи фарзанд кўришда қийинчиликларга дуч келмоқда.
- Ҳозир скрининг дастурини жорий қилиш керак. Зеро, ёшлар ўртасида касаллик ва унинг пайдо бўлишига таъсир этувчи омилларни эрта аниқлаш имконини берадиган тиббий текширувлар мажмуаси йўқ. Ёш йигитлар ва қизлар ўзларининг репродуктив салоҳиятидан бехабар. Мисол учун, ота-она бўлишни хоҳлайдиган жуфтликлар турли шифокорлар ва халқ табибларига ташриф буюриб, ҳеч қандай натижа кўрмасдан, ЭКО технологиясига мурожаат қилишади. Бу вақт ичида улар бироз вақт йўқотадилар. Экстракорпорал уруғлантириш жараёнининг ўзига хос талаблари бор, — деди Марат Отарбаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жинсий заифлик ташхиси қўйилган эркаклар ҳам ЭКО орқали ота бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.