Қозоғистонда илк бор ўқитувчилар учун психологик қўллаб-қувватлаш кабинети очилди
ASTANА. Кazinform – ҚР Таълим-маориф вазирлигининг "Өрлеу" Миллий малака ошириш маркази ўқитувчиларнинг доимий касбий ривожланиши ва уларнинг руҳий саломатлигига ғамхўрлик қилишга қаратилган муҳим ташаббусни бошлади. Илк бор Туркистон ва Ақтўбе вилоятларининг марказий филиалларида ўқитувчилар учун психологик қўллаб-қувватлаш кабинети очилди.
 
                                              – Пилот лойиҳаси ўқитувчиларга руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш, касбий стресснинг олдини олиш ва стрессни бошқариш имконини беради, - дейилади вазирлик баёнотида.
Кабинетдаги профессионал психолог индивидуал ва гуруҳли консультациялар ўтказади, релаксация ва арт-терапия машғулотларини ташкил қилади, тренинглар ва психологик диагностика ўтказади.
Ўқитувчилар "Өрлеу" марказида малака ошириш курсларида ўқиётганда ушбу хизматлардан фойдаланишлари мумкин. Иш жараёнида ахлоқий нормалар, ихтиёрийлик ва махфийлик тамойилларига қатъий риоя қилинади. Келажакда бундай кабинетларни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам очиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, янги ўқув йилида 30 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар малакасини оширади.