Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Тоқаевнинг АЭС ҳақидаги фикри, туғруқхоналар ва сув ресурслари

Июнь ойининг сўнгги ҳафтасида халқаро нашрларда Қозоғистон ҳақида қатор мақолалар ёзилди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев АЭС қуриш бўйича референдум ўтказилишини маълум қилди, иккита қонун имзолади ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид мақолалар эълон қилди. Одатдагидек Кazinform мухбири шу ҳафтада жаҳон оммавий ахборот воситаларида мамлакатга оид яна қандай материаллар пайдо бўлгани ҳақида шарҳ тайёрлади.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Тоқаевнинг АЭС ҳақидаги фикри, туғруқхоналар ва сув ресурслари
Фото: Midjourney; Wikipedia; DALL-E

Anadolu Agenсy: Тоқаев: Бу йил кузда Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум бўлиб ўтади

Шу йилнинг кузида Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ОАВ ходимларини тақдирлаш маросимида айтиб ўтди, деб хабар беради Anadolu Agenсy.

- Маълумки, иқтисодиётни ривожлантириш учун барқарор энергия манбаи зарур. Шунинг учун мен атом электр станциясини қуриш масаласини кўриб чиқиш бўйича аниқ топшириқ бердим. Энди кенг қамровли муҳокама бор. Турли хил фикрлар мавжуд. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳам фаол иштирок этиши керак, – дея Давлат раҳбари нутқидан иқтибос келтиради нашр.

Агентлик Тоқаев Қозоғистонда, аслида атом энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд ва қарорни халқ қабул қилишини айтганини таъкидлаган.

Дарҳақиқат, мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Ундан тўғри, яъни самарали фойдаланиш керак. Бу масала бўйича якуний қарорни халқ қабул қилади. Референдум шу йилнинг кузида бўлиб ўтади. Аниқ санани Ҳукумат белгилайди, - дея Президентнинг сўзларини келтиради нашр.

Trend: Қозоғистон Президенти халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган иккита қонунни имзолади

27 июнь куни Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган иккита қонунни имзолади. Бу ҳақда Trend мухбири Али Гасимов хабар берди.

Мухбирнинг сўзларига кўра, биринчи қонун “Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият марказларини ўзаро ташкил этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”. Мазкур битим маданий-гуманитар соҳада дўстона муносабатлар, алмашинув ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Унга кўра, икки давлатнинг маданий марказлари жўнатувчи томон томонидан аккредитация қилинган ва қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ фаолият юритувчи нотижорат ташкилотлари бўлади.

Иккинчи қонун – “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро қўшма юк ташиш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун.

Sentralasia.news: Қозоғистонда туғруқхоналарга ажратиладиган маблағ кўпайди

Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги туғруқхоналар ва неонатологияда тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида уларнинг тарифларини қайта кўриб чиқди. Бу ҳақда Sentralasia.news хабар берди.

1 июндан бошлаб мураккаб туғруқ, жумладан, кесарча кесиш учун тарифлар 60 фоизга, янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш тарифлари эса 35 фоизга ошди, дея нашр вазир Акмарал Алназарованинг фикрини беради.

Агентлик маълумотларига кўра, ушбу ўзгаришлар тиббий хизматлар сонини кўпайтириш ва сифатини ошириш ҳамда малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилган.

Сўнгги йилларда тарифлар оналар ва чақалоқларнинг соғлиғини сақлаш харажатларини қоплай олмади. Маблағларнинг етишмаслиги ушбу ташкилотларда кредит қарзларининг шаклланишига олиб келди. Тарифларни қайта ҳисоб-китоб қилишда тиббиёт муассасаларининг хизматлар кўрсатиш учун қилган ҳақиқий харажатлари ҳисобга олинди.

Report: Каспий денгизи бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳининг VIII йиғилиши бўлиб ўтди

2024 йилнинг 24-26 июнь кунлари Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Каспий денгизи бўйича юқори даражадаги ишчи гуруҳнинг VIII йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Report Озарбайжон ташқи ишлар вазирлигига таяниб хабар берди.

Агентлик хабарига кўра, музокараларда Қозоғистоннинг Каспий денгизи бўйича махсус вакили Зулфия Аманжолова иштирок этган. Учрашув давомида томонлар Каспий денгизига тўғридан-тўғри чиқиш йўналишларини қуриш методологиясини муҳокама қилишни давом эттирдилар.

Нашрнинг қайд этишича, навбатдаги йиғилиш Қозоғистонда бўлиб ўтади.

- Музокаралар чоғида Каспий денгизи бўйича ҳамкорлик ҳақида умумий фикр билдирилди. Делегациялар учрашувни юқори савияда ташкил этгани учун Эрон томонига миннатдорчилик билдирди. Вазирлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши Қозоғистонда бўлиб ўтади, унинг саналари дипломатик каналлар орқали келишиб олинади, деб ёзади Report .

Daryo: Қозоғистон сув ресурсларини бошқариш тизимини модернизация қилиш учун 1 миллиард доллар жалб қилмоқчи

Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров Қозоғистон сув хўжалиги тизимини тиклаш бўйича кенг кўламли лойиҳа бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизматига асосланиб Daryo хабар берди.

Нашрнинг таъкидлашича, баҳорги сув тошқинлари кенг кўламли таъмирлаш дастури учун катализатор бўлган. Мамлакат ҳукумати муаммоларни бартараф этиш ҳамда сувдан фойдаланиш хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш учун 500 миллиард тенгедан (1 миллиард доллар) ортиқ сармоя киритишни талаб қилувчи 16 та устувор лойиҳани белгилаб олди.

- Ислом тараққиёт банки томонидан соддалаштирилган молиялаштириш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Маблағлар узоқ муддатга ва жуда паст фоиз ставкасида тақдим этилмоқда, бу эса бу борада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, — деб ёзади нашр.

Сўнгги хабарлар