Қозоғистон жаҳон ОАВларида: газ таъминоти, яшил энергия, денгиз сатҳининг пасайиши ва экспорт чеклови
Бу ҳафта ҳам одатдагидек бошқа мамлакатларнинг кўплаб оммавий ахборот воситаларида Қозоғистон ҳақидаги хабарлар эълон қилинди. Улардан асосийси, аҳолини газ билан таъминлаш даражаси ошмоқда, қўшни давлатлар билан янги йўналишларда шартномалар имзоланган.
Каспий денгизининг қисқариши логистикага қандай таъсир қилиши ва Қозоғистон нега картошка экспортини чеклаб қўйгани ҳақида мақолалар ҳам чоп этилган. Батафсил Кazinform мухбири шарҳида ўқинг.
CentralAsia: Қозоғистонни газлаштириш ва қувурлар қуриш бўйича музокаралар
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига кўра, мамлакат бўйлаб 300 километрдан ортиқ газ қувурлари қурилиб, 2024 йилга бориб 1,7 миллион аҳолини газ билан таъминлайди. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлигига таяниб, CentralAsia нашри хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, газлаштириш, биринчи навбатда, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини пасайтиради, аҳоли турмуш сифатини яхшилайди, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади. 2025 йилда Қозоғистон яна 7 та аҳоли пунктини газлаштириш учун 65,9 миллиард тенге ажратади. Бу газлаштириш даражасини 62 фоизга етказиш, 12,4 миллион аҳолини табиий газ билан қамраб олиш имконини беради.
Асосий лойиҳалар орасида Атирауда газ ҳажмини ошириш учун “Финская-120” станцияси қурилиши бор. “Талдиқорған-Ушарал” газ қувури қурилиши 2025 йилда якунланади ва 124 минг аҳолини газ билан таъминлайди. Энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қашағанда газни қайта ишлаш ва суюлтириш заводлари қурилмоқда.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун 24 фоизгача газ чегирмалари жорий этилди, “Ижтимоий ҳамён” механизми Ғарбий Қозоғистон вилояти ва Чимкент шаҳрида синовдан ўтказилди. Энди бу ташаббус бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.
Report: Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон яшил энергия соҳасида ҳамкорлик қилади
Уч мамлакат яшил энергияни биргаликда ривожлантириш ва тарқатишда муҳим ҳамкорликни йўлга қўйиш арафасида. Мавзу Озарбайжон Миллий мажлисининг Халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасида муҳокама қилинди. Ҳужжатнинг номи — “Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида яшил энергияни ривожлантириш ва тарқатиш бўйича стратегик шериклик тўғрисидаги битим”. Муҳокама ҳақида Report ёзган.
Битим уч давлат ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликнинг янги стратегик асосларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган. “Азерэнержи” АЖ, Қозоғистоннинг электр тармоқларини бошқариш компаниялари ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасидаги келишувни амалга ошириш учун “Яшил йўлак уюшмаси” корхонаси ташкил этилди, у лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини тайёрлайди ва уни амалга ошириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Муҳокамалардан сўнг лойиҳа Озарбайжон Миллий мажлиси ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Daryo: Каспий денгизи сув сатҳининг пасайиши иқтисодиёт ва логистикага тўсқинлик қилиши мумкин
2023 йил июнидан 2024 йил декабригача бўлган 1,5 йил давомида Каспий денгизи сатҳи 50 сантиметрга пасайди. Ўз навбатида, бу қирғоқбўйи давлатларининг иқтисодига зарар келтириши мумкин. Ўзбекистондаги Daryo нашри Қозоғистон Парламенти Сенатида муҳокама қилинган мазкур масала юзасидан материал тайёрлади.
Сув сатҳининг пасайиши стратегик Транскаспий йўналишига кирувчи Ақтау портида юк ташиш рентабеллигининг пасайишига олиб келган бўлса ажаб эмас. Бу йўл Қозоғистон, Хитой, Туркия ва Европани боғлаб, халқаро савдода муҳим ўрин тутади.
Шунинг учун Каспий денгизи тубини чуқурлаштиришни ҳозирдан давом эттириш мақсадга мувофиқдир. Сув сатҳи пасайган тақдирда Ақтау порти фаолиятини барқарорлаштириш бўйича 2022-2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Умумий қиймати 42 миллиард тенге бўлган лойиҳа уч босқичдан иборат. 20 миллиард тенгега баҳоланган биринчи босқич 2025 йилда бошланиши режалаштирилган. Ҳозирда Қозоғистон бу ишни бошлаш учун молиялаштириш манбаларини кўриб чиқмоқда.
Умуман олганда, Каспий денгизидаги сув сатҳи 1996 йилдан бери пасайиб бормоқда. Олимларнинг прогнозларига кўра, 2100 йилга бориб пасайиш 9 метрдан 18 метргача бўлиши мумкин. Экотизим ва биологик таъсирлардан ташқари, бу жараён Марказий Осиёга ҳисса қўшадиган логистика йўналишларининг самарадорлигини пасайтириши мумкин. Бунинг оқибатлари иқтисодиётга ҳам зарар келтиради.
Қозоғистон ҳозирда сув ресурслари билан боғлиқ кейинги муаммоларни олдини олиш учун сув инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни фаол ишлаб чиқмоқда. 2030 йилгача бўлган стратегия доирасида:
44 та янги сув омборини қуриш;
76 та гидротехник иншоотни реконструкция қилиш;
5300 километрдан ортиқ ирригация тизимларини модернизация қилиш;
3230 та янги скважина қазиш режалаштирилган.
Бу чора-тадбирлар сув ресурсларини кўпайтириш, сув тошқинларидан ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини таъминлаш имконини беради.
Каспий денгизи келажакда ҳам халқаро савдонинг муҳим элементи бўлиб қолиши аниқ. 2024 йилда Қирғизистон Россия билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун Каспий денгизи орқали янги йўналиш яратиш режасини эълон қилди. Бу йўналиш савдо-сотиқни ривожлантириш ва иқтисодий ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Anadolu: Қозоғистон картошка экспортини чеклади
Картошкани учинчи давлатларга экспорт қилишни олти ой муддатга чеклаш тўғрисидаги қарор қўшни давлатлардан талабнинг ортиши ва экспорт нархларининг ошиши сабабли қабул қилинди. Бу ҳақда Туркиянинг Anadolu агентлиги хабар берди.
“Бош вазир топшириғига кўра Қишлоқ хўжалиги, савдо ва интеграция вазирликлари мамлакатимиз картошка бозоридаги вазиятни доимий равишда кузатиб бормоқда. Қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистон томонидан талабнинг ортиши ва экспорт нархларининг юқорилиги туфайли картошка экспорти жорий йилда 1,5 минг тоннадан 411 минг тоннага, яъни 605 баробарга ошди”, — дея нашр Қозоғистон Ҳукумати баёнотидан иқтибос келтирган.
Юқори талаб ички бозорга таъсир қилди. Мисол учун, ўтган ҳафтада экспортга йўналтирилган ишлаб чиқарувчилар нархларнинг кескин ўсишини қайд этиб, бир килограмм учун 170 тенгедан 270 тенгегача кўтарилган. Натижада, ички бозорда картошка нархини барқарорлаштириш мақсадида 2025 йил 18 январда бўлиб ўтган Савдо масалалари бўйича идоралараро комиссия йиғилишида картошкани учинчи давлатларга экспорт қилишни 6 ой муддатга чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бироқ, экспорт назорат остида қолиши айтилган бўлса-да, бу чора ЕОИИ мамлакатларига тааллуқли эмас. Бундан ташқари, Савдо ва интеграция вазирлигининг ҳудудий органлари монополияга қарши органнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда вазият юзасидан кучайтирилган мониторинг олиб бормоқда.
Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, мавжуд захиралар 2025 йилнинг эрта ҳосилигача ички эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш учун етарли бўлади. Савдо тармоқларида захираларни ҳисобга олмаганда 850 минг тоннадан ортиқ маҳсулот мавжуд.