Қозоғистон ва Франция Балқаш кўлини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади

ASTANA. Kazinform – ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, Франция тараққиёт агентлиги (AFD) ва Франциянинг геология ва тоғ-кон тадқиқотлари бюроси (BRGM) халқаро One Water Summitда уч томонлама ҳамкорлик шартномасини имзолади, деб хабар беради Кazinform ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлигига таяниб.

Балқаш кўли
Фото: ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Саммит Саудия Арабистонида ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Ҳужжатдан кўзланган мақсад Балқаш кўлини асраш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Шартномани имзолаш маросимида ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги номидан вазирнинг биринчи ўринбосари Болат Бекнияз иштирок этди.

Қозоғистон ва Франция Балқаш кўлини сақлаб қолиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолади
Фото: ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Шартнома Балқаш кўли сув ресурсларини бошқаришни ривожлантириш учун Сув ресурслари ва ирригация вазирлигига 1,35 миллион евро миқдорида грант ажратишни назарда тутади.

Франция томони Балқаш кўли ҳавзасини кенг кўламли ўрганишни амалга оширади, унинг натижалари асосида 2040 йилгача мўлжалланган узоқ муддатли бош режа ишлаб чиқилади. Унда сув ҳавзасининг ички сувларини сақлаб қолиш чоралари кўрсатилган.

Бундан ташқари, вазирлик BRGM билан сув ресурслари соҳасида ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ҳужжат бу борада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

— AFD ва BRGM билан тузилган уч томонлама шартнома Балқаш кўли ҳавзасида сувни барқарор бошқаришни ўрганиш ва барқарорлаштиришга қаратилган. Ҳужжатда сув ҳолатини ўлчаш ва таҳлил қилиш, иқлимий ва антропоген таъсирларни моделлаштириш, шунингдек, 2040 йилгача сув балансини прогнозлаш кўзда тутилган. Лойиҳанинг мақсадларидан бири Балқаш кўли даражасини барқарорлаштириш учун Қапшағай сув омборининг иш режимини оптималлаштиришдир. Ўрганиш натижаларига кўра, дарёларни тозалаш, тупроқ деградацияси ва сув ифлосланишининг олдини олиш, балиқчилик ва экотуризмни ривожлантириш, шунингдек, кўлни муҳофаза қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш чоралари кўрилади, - деди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.

Аввалроқ Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтаётган One Water Summitнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган эди.

Сўнгги хабарлар