Қозоғистон Туркманистон билан газ ва транспорт инфратузилмаси соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда
ASTANA. Kazinform – Бу масала бугун ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашувида батафсил муҳокама қилинди.

“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қувонарлидир. Газ, транспорт ва логистика соҳасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар мавжуд. Биз бу ишларни назоратда ушлаб турамиз. Чунки унинг натижаси Қозоғистон-Туркманистон иқтисодий муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қилади”, – деди Президент.
Учрашувда газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасидаги иштирокига эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари «Тургунди – Герат – Кандагар – Спин-Булдак» темир йўли қурилиши лойиҳасига эътибор қаратиб, ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, экспорт бозорларини кенгайтиришга кенг йўл очишини таъкидлади. Айни пайтда “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон” темир йўли ва қурилаётган “Турикманбоши-Гарабоғоз-Қозоғистон чегараси” автомобиль йўли Шимолий-Жануб йўналишида транзит салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бундан ташқари, учрашувда таълим ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қозоғистон томони Туркманистонга давлат хизматларини рақамлаштириш, шунингдек, IТ мутахассисларининг малакасини оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун муносабатларни ривожлантиришнинг янги имкониятларини кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 апрель куни Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга ташриф буюрган эди.
Тоқаев ва Бердимуҳамедов Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди.
ҚР Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди.