Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Покистон Президенти билан учрашди

ISLAMABAD. Кazinform — Исломободга расмий ташрифи чоғида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий томонидан қабул қилинди, дея хабар беради Каzinform мухбири.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Покистон Президенти билан учрашди
Фото: ҚР ТИВ

Суҳбат чоғида А.Зардорий сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражасига эришилганини қайд этиб, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш учун ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

М.Нуртилеу Астананинг Исломобод билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ниятини тасдиқлади ва икки томонлама мулоқотни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган салоҳиятли лойиҳалар ҳақида маълумот берди.

– Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо ва сармоявий алоқаларда ижобий тенденциялар кузатилмоқда. Қозоғистон Покистон билан иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор, – деди Ташқи ишлар вазири.

учрашув
Фото: ҚР ТИВ

Шу нуқтаи назардан, томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни, жумладан, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантиришга кўмаклашиш муҳимлигини қайд этдилар.

Маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантириш, жумладан, икки томонлама таълим соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга Мурат Нуртилеу Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан ҳам учрашди. Асосий эътибор сиёсий мулоқотни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва глобал форматда қўшма ташаббусларни илгари суришга қаратилди.

Вазир Президент Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, 8 сентябрдаги Қозоғистон халқига Мурожаатномаси ҳақида маълумот берди.

– Астана икки томонлама ва минтақавий майдонларда ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишга тайёр. 33 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатларимиз ўртасида мазмунли сиёсий мулоқот олиб борилиб, ўзаро ишонч, очиқлик ва гуманитар алоқаларга асосланган мустаҳкам муносабатлар ўрнатилди, – деди у.

Ўз навбатида Ш. Шариф Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Қозоғистон билан ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Томонлар сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар, шунингдек, минтақавий муносабатлар архитектурасини мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

Учрашув якунида Покистон Бош вазири Қозоғистон-Покистон муносабатлари даражасини юқори баҳолади ва уларни мазмунли ривожлантиришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу расмий ташриф билан Покистон пойтахти Исломободга борган эди.

Сўнгги хабарлар